Хорижда

ЖСТНИНГ 12-ВАЗИРЛАР КОНФЕРЕНЦИЯСИ ЎЗ ИШИНИ БОШЛАДИ


13.06.2022   1894

Жорий йилнинг 12-15 июнь кунлари Швейцариянинг Женева шаҳрида Жаҳон савдо ташкилоти олий бошқарув органининг йиғилиши – ЖСТнинг 12-Вазирлар конференцияси бўлиб ўтмоқда. Тадбирда ЖСТга аъзо мамлакатлар ва кузатувчи давлатлар савдо вазирлари ҳамда халқаро ташкилотлар раҳбарлари иштирок этмоқда.

Нуфузли анжуманда кўп томонлама савдо тизимининг долзарб масалалари, шу жумладан, коронавирус пандемияси оқибатларига қарши курашиш, турли хил COVID-19 штаммларига қарши вакциналар ишлаб чиқаришда Интеллектуал мулк ҳуқуқларининг савдо билан боғлиқ жиҳатлари тўғрисидаги битим қоидалари (ИМҲСЖ)ни қўллашдан воз кечиш масалалари кўриб чиқилди.

Шу билан бирга, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, балиқчилик субсидияларини оптималлаштириш, ЖСТ фаолиятини ислоҳ қилиш ва бошқа жиҳатларга эътибор қаратилди.

Вазирлар конференциясидаги онлайн нутқида Бош вазир ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзоқов ЖСТнинг коронавирус пандемияси оқибатларига қарши курашиш, озиқ-овқат инқирозини ҳал қилиш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва кўп томонлама савдо тизимини мустаҳкамлашдаги муҳим ролини таъкидлади.

2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси доирасида Ўзбекистон ташқи иқтисодий сиёсатининг асосий йўналишларидан бири сифатида ЖСТга аъзо бўлишининг мутлақ устуворлиги таъкидланди.

Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёнини, жумладан, жорий йилнинг 21-22 июнь кунлари бўлиб ўтадиган Ташкилот ишчи гуруҳининг 5-йиғилишида фаол илгари суришга тайёрлик билдирилди.