Андижон 24

МУҲАММАД ЮСУФ ТАВАЛЛУДИНИНГ 70 ЙИЛЛИГИ


26.04.2024   816

Ҳаёт бўлганида бугун Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф 70 ёшга тўларди.

Муҳаммад Юсуф 1954 йил 26 апрелда Андижон вилояти Марҳамат туманининг Қовунчи қишлоғида туғилган.

Институтда таҳсил олгач, республика «Китобсеварлар» жамиятида, 1980-1986 йилларда «Тошкент оқшоми» газетасида, 1986-1992 йилларда Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида, «Ўзбекистон овози» газетасида ишлаган.

Муҳаммад Юсуф ўнга яқин шеърий тўпламлар, кўплаб қўшиқлар муаллифи сифатида кўпчилик қалбидан жой олган.

Унинг «Таниш тераклар», «Бевафо кўп экан», «Эрка кийик», «Булбулга бир гапим бор», «Илтижо» , «Уйқудаги қиз», «Ҳалима энам аллалари», «Ишқ кемаси», «Кўнглимда бир ёр», «Ёлғончи ёр» каби шеърий тўпламлари, сайланмалари нашр этилган.

1998 йилда Муҳаммад Юсуфга «Ўзбекистон халқ шоири» деган юксак унвон берилган.

2001 йилда 47 ёшида вафот этган.

Бугун Андижон шаҳридаги Муҳаммад Юсуф майдонидада шоир таваллудининг 70 йиллиги муносабати билан тадбир бўлиб ўтди. Ижод мактабига ёндош майдон туридаги шоир бюсти пойига гулдасталар қўйилди. Ёшлар, адабиёт ихлосмандлари, ижодкор-зиёлилар, узоқ-яқиндан келган меҳмонлар шоирга эҳтиром кўрсатдилар. Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ҳамда тадбир иштирокчилари эл суйган ижодкор хотирасига ҳурмат бажо келтирдилар.