АТРОФГА НАЗАР

ХОНҚИЗИ "МУЛОЙИМ" ҲАШАРОТ ЭМАС, БАЛКИ ФОЙДАЛИ ЙИРТҚИЧДИР


06.05.2024   725

У кунига 50 га яқин шира ҳашаротлари билан озиқланади ва бу орқали боғбонларга беқиёс фойда келтиради.

Ҳорижда хонқизиларни тез-тез ўсимлик шираси тушган майдонларга махсус олиб келишиб, қўйиб юборишади, меҳнаткаш ҳашаротлар ана шунда ўзининг фойдали томонини яққол намойиш этади.

ХОНҚИЗИ ҚЎНҒИЗЛАРИ, кокцинеллидлар (Coccinellidae) — асосан, йиртқич қўнғизлар оиласи. Хонқизи қўнғизларининг тана уз. 3—7 мм, усти дўмбоқ. Кўпчилик турлари ёрқин тусда бўлиб, одатда, устқанотларида чизиқ ва доғлар бор. Тухуми кўпинча тўқ сариқ, 20—25 тасини тўптўп қилиб қўяди. Қуртлари серҳаракат, ўсимликларда очиқ ҳаёт кечиради. Кўпгина Хонқизи қўнғизлари — йиртқич энтомофаг. Қўнғиз ва личинкалари ўсимлик битлари, ўргимчакканалар, кокцидлар, барг бургалари, каналар ва б. билан озикланади. Фақатгина Epilachninae кенжа оиласи ва Bulae Muls. уруғига мансуб баъзи турлари ўсимликхўр бўлиб, зарар келтиради. Хонқизи қўнғизларининг 2 мингга яқин тури маълум; жумладан, Ўзбекистоннинг суғориладиган деҳқончилик минтақаларида 40 га яқин тури тарқалган. Экинлар биоценозида етти нуктали Хонқизи қўнғизлари (C.septempunctata L.); икки нуктали Хонқизи қўнғизлари (Adaliabipunctata L.) ва б., шунингдек, кенг тарқалган акарифаг — ўргимчаккана кушандаси — нуктали стеторус (Stethorus punctillum Ws.) катта аҳамиятга эга. Битта қўнғизи бир кунда 50—100, личинкаси эса 85 тача ўсимлик битини ейди. Хонқизи қўнғизларидан ўсимликларни зараркунандалардан биологик ҳимоя усулида фойдаланилади. Бунинг учун қўнғизларни йиғиб, ўсимлик битлари колониясига қўйиб юборилади. Хонқизи қўнғизларини сўрувчи зараркунандаларга қарши 1:20 нисбатда тарқатилса, кимёвий воситалардан фойдаланмаслик ҳам мумкин.

Ўзбекистонда полиз Х. қ. (Epilachna chrysomelina F.) ва 19 нуқтали лавлаги Х. қ. (Bulae lichatchovi) экинларга зарар келтиради. Уларга қарши хлорофос (1,5 кг/га), карбофос (1—1,5 кг/га) ва б. инсектицидларнинг сувли эмульсияси сепилади.