Андижон 24

АЛИМЕНТ ТЎЛАШДАН БОШ ТОРТГАН ОТАЛАР МАЖБУРИЙ ЖАМОАТ ИШЛАРИГА ЖАЛБ ҚИЛИНДИ


16.05.2024   1096

Мажбурий ижро бюроси Булоқбоши туман бўлими ҳамда жиноят ишлари бўйича туман суди томонидан алимент тўловчи шахсларнинг масъулиятини ошириш ҳамда фарзандларини моддий таъминлашдан бўйин товлаб келаётган қарздорларга нисбатан жавобгарлик масаласини ҳал этиш мақсадида сайёр суд ташкил этилди.

Сайёр судда алимент тўловчи ва ундирувчилар, жами 90 нафардан ортиқ фуқаролар иштирок этди. Тадбирда алимент тўловларидан қарздорлиги мавжуд 13 нафар қарздорларнинг иши кўриб чиқилиб, ҳал этилди.

Жумладан, туманнинг “Навоий” маҳалласида яшовчи А.Э. бир нафар фарзанди таъминоти учун алимент тўлашдан бўйин товлаб келгани сабаб, 18 млн. сўм миқдорида қарздорлик шаклланган. Шунга кўра, жиноят ишлари бўйича Булоқбоши туман суди томонидан қарздорга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси қўлланилди.

Фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро судининг буйруғига кўра И.Н. ҳам бир нафар фарзанди учун алимент тўлаши зарур бўлса-да, алимент тўловларига беписандлик билан қараб келган. Қарздор Д.Қ. ҳам ана шундай масъулиятсиз оталардан. Фарзанди учун 28 млн. сўм миқдоридаги алимент тўловларини тўлашдан бош тортган.

Оқибатда, сайёр суд давомида ўз фарзандларини моддий таъминлашдан бўйин товлаб келган 8 нафар қарздорларга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган бўлса, 3 нафар қарздор оталар 120 соат ҳақ тўланадиган жамоат ишларига мажбурий равишда жалб этилди. Икки нафар қарздор жами 18 млн. сўм алимент қарзларини тўлаб юборганлиги сабабли иш кўрмасдан қолдирилди.