Бугуннинг гапи

АДОВАТ КУЧЛИМИ ЁКИ АДОЛАТ?


10.04.2019   55372

Избоскан туманидаги «Неъматжон орзу умиди» фермер хўжалиги раҳбари Хуршида Набиева нега ҳудуд етакчисининг қаҳрига учради? У қандай хато қилган эдики, ҳоким Серобиддин Исмоилов «Сени барибир ишлатмайман, кўзимга кўринма!», дея залдан қувиб чиқарса?!

Гап шундаки, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 январдаги "Фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари ер майдонларини мақбуллаштириш ҳамда қишлоқ хўжалиги экин ерларидан самарали фойдаланишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида бир қатор қишлоқ хўжалиги корхоналарининг фаолияти мақбуллаштириладиган бўлди. Жумладан, юқорида зикр этилган фермер хўжалигининг ҳам. Хуршида Набиеванинг турли идоралар эшиги тагидасарғайишлари шундан сўнгбошланди.

Буни қарангки, мазкур қарор қабул қилинишидан бироз аввал, яъни 2018 йилнинг 21 декабрь куни Х. Набиева туман ҳокими номига уч йил давомида пахта режасини бажара олмаганлиги сабаб ер ижара шартномасини бекор қилишни сўраб ариза берган экан. Бу ҳолни "Ўзим ишлайман, деганимга қўйишмади, аризани мажбурий тарзда ёздириб олишди", дея изоҳлайди у (айни вазиятнинг мавжуд қонунчиликка қай даражада тўғри келиши алоҳида мавзу).

Келинг, мазкур хўжалик фаолиятини қисқача таҳлил қилсак. Fалла етиштириш режаси 2016 йилда 107 фоизга, 2017 йилда 121,3 фоизга, охирги мавсумда эса 119,4 фоизга бажарилган. Пахта тайёрлаш борасида 2016 йилда 83,9 фоиз, 2017 йилда 77 фоиз кўрсаткич қайд этилган бўлса, 2018 йилга келибнатижа 61,2 фоизни ташкил этган. Лекин мана шундай шароитда ҳам фермер таъминот идоралари билан боғлиқ ҳисоб-китобларни жой-жойига қўйиб, йилни фойда билан якунлади.

Дон етиштиришни уддалаган хўжалик нега пахтачиликда оқсади? Аввало, фаолият кўрсатган "Мададбарака" массивида бошқа ҳудудларганисбатан ишчи кучи кам. Сув таъминотида узилишлар юзага келиб туради. Хуршида Набиеванинг таъкидлашича, хўжаликка тегишли 48 гектар майдон массивнинг этагида жойлашган, яъни сувни энг охири ичади. Пахта йиғим-терими чоғида отряд аъзолари мазкур далага навбатма-навбат, ҳаммадан кейин етиб келишади. Унга қадар чаноқдан оқиб кетаётган ҳосилнинг чўғи камаяди, сорти пасаяди. "Ўтган йили ҳам ён-атрофимиздаги фермер хўжаликларида иккинчи терим бошлангандан кейин, 10 октябрь куни биринчи теримга тушдик. Бу, албатта, ҳосилдорликка жиддий таъсир қилади", дейди у.

2018 йилда "Андижон агрокимёҳимоя" ҳудудий акциядорлик жамияти Избоскан тумани филиали билан тузилган шартномага кўра, таъминот идораси пахта ҳосили учун етарли миқдорда ўғит етказиб бериш мажбуриятини зиммасига олган. Бироқ шартнома шартлари тўлиқ бажарилмаган, азот 6,5 тонна, фосфор эса 3 минг 774 килограмм кам етказиб берилган. Фермер ҳар қанча уринмасин, таъминот идорасидан ғўза танасига мадор бўлувчи салкам 2 тонна калийли ўғитни ололмаганлиги унинг тегирмонига сув қуйишга етиб ортди. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобига кўра, хўжалик шартномага нисбатан 33 тонна кам пахта хом ашёси сотганлиги оқибатида ўртача 82 миллион сўм фойдани бой берган. Етказиб берилмаган минерал ўғит эвазига юзага келган зарарнинг ҳисоб-китобини жой-жойига қўйиш учун энди судма-суд юриши керакми?

Хуллас, шу каби жиҳатлар эътибордан четда қолди ҳамда "Неъматжон орзу умиди" фермер хўжалиги экин майдони тендер-танловга қўйилди. Вазирлар Маҳкамасининг юқорида тилга олинган мақбуллаштиришга доир қарорида танлов ўтказиш билан боғлиқ бир қатор жиҳатларга эътибор бериш зарурлиги аниқ-тиниқ кўрсатиб қўйилган. Жумладан, талабгор юридик ва жисмоний шахс ҳисобварағидаги мажбуриятлардан озод бўлган мавжуд пул маблағига ҳамда яроқли техника воситаларига эга бўлиши зарур.

Избоскан туманида эса юқоридаги талабларга риоя этилмади ҳамда Хуршида Набиева фермер сифатида фаолият кўрсатган 48 гектар майдонда "Расулов Ғолибжон келажаги" фермер хўжалиги ташкил этилди. Не дейсизки, янги ер соҳиби бўлмиш Ғафуржон Расулов 2006 ҳамда 2012 йилларда икки марта фермер сифатида майдонга чиққан, аммо турли сабаблар туфайли эплай олмай, икки бор ерни захирага топширган экан. Майли, тағин фермерликка бел боғлаган экан, уддаласа, қандини урсин!

Бироқ айни жараёнда Вазирлар Маҳкамасининг қарорига тамомила зид ҳолатлар намоён бўляптики, бундан кўз юмиш мумкин эмас. Тендерда неча талабгор қатнашди? Нега айнан муносиб номзод сифатида Fафуржон Расулов танланди? Тўғри, ҳоким тумандаги барча фермерни беш қўлдек билмаслиги мумкин, аммо танлов комиссияси аъзолари номзоднинг аввалги натижаларидан бехабарми?

Назарда тутилаётган 48 гектар ер нима учун массивдагибошқа илғор фермерларга қўшиб берилмади? Янги фермер сифатида майдонга чиққан номзоднинг бирор-бир техникаси йўқлигига нега эътибор қаратилмади? Ғафуржон Расулов "Иккита тракторим бор", дея қайта-қайта таъкидлаганлигига қарамай, ижарага техника излаб юрганлигини, чигит экиш жараёнини эса ҳаммадан кеч – 9 апрель куни бошлаганлигини танловда унга суянчиқ бўлган масъуллар қандай изоҳлашар экан?

Ҳар ҳолда, объектив ва субъектив сабаблар билан режани бажара олмаган, лекин таъминот идораларидан, имтиёзли кредитлардан қарздор бўлмаган, энг муҳими, иккита ярақлаган техникага эга фермердан ерни олиб, ундан кўра камроқ имкониятга эга бўлган номзодга ажратилишида қандай маъно-мақсад бор?

Агар контрактация шартномасини бажара олмаган фермер ягона бўлганида эди, Избосканда пахтачилик борасидаги қолоқлик бу қадар илдиз отмаган, биз ҳам айни мавзуда бонг урмаган бўлардик. Ҳолбуки, Хуршида Набиева каби турли сабаблар билан режани уддалай олмаган, ҳатто унданпаст кўрсаткичга эга бўлган бир қатор фермерлар бугун ҳам фаолиятини давом эттираётганлигини жамоатчилик кўриб-билиб турибди-ку.

– Мен яхши ишлайдиган одамга тегмайман, – дея қисқа-лўнда изоҳ берди ҳоким Серобиддин Исмоилов. – Газетага арз қилган фермер эса талабга жавоб бермайди!

– Ўтган йил терим чоғида ҳоким хўжалигимиз далаларига қадам босган эди, – дейди Хуршида Набиева. – Тушликкача икки соат вақт бўлса-да, "Теримчиларга тушлик тайёрламабсан", деб дағдаға қила бошлади. Ҳолбуки, иссиқ овқат учун уринаётгандим. Менга нисбатан адовати ўша куниёқ бошланган, "Сени фермер сифатида ишлатмайман", деб айтганди. Сўзининг уддасидан чиқди.

Қай бирига ишониш керак: фермер айтганидек адоват кучлими? Ёки адолат?

Нурилло НЎЪМОНОВ,

«Андижоннома»

махсус мухбири.

«Андижоннома» газетасининг

2019 йил 10 апрель кунги

28 сонидан олинди.