Бугуннинг гапи

ЁРУҒЛИККА ИНТИЛАЁТГАН МИЯНЛИКЛАР (+ВИДЕО)


10.07.2020   40785

Бугунги кунда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг турмуш тарзи ва ижтимоий муҳофазасини янада яхшилаш бўйича коммунал соҳада манзилли тадбирларни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Пахтаобод туманида ҳам айни шу мақсадда ишлаб чиқилган дастурларни жамоатчилик қўллаб-қувватлаганди. Бироқ ижро масаласига келганда масъулларнинг эътиборсизлиги норозиликларга, яна ҳам аниқроғи ишончсизликка сабаб бўлмоқда.

Тумандаги Қайир маҳалла фуқаролар йиғинининг Миян кўчасида яшовчиларнинг “доди” бунга мисол. Уларни бир неча йилдан буён электр энергияситаъминотидаги муаммо юзасидан мурожаат қилмаган идораси қолмади. Ҳамма вақт хонадонлардаги чироқлар номигагина ёруғлик беради.

Улуғбек Бекбоев,МФЙ раиси:

-Бу масалада такрор-такрор масъул раҳбарларга айтяпмиз. Бироқ натижа бўлмаяпти. Бундан сектор раҳбари сифатида туман прокурорининг ҳам хабари бор…

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 23 ноябрдаги қарорига асосан 2017-2021 йилларда аҳоли турар жой массивларида янги электр тармоқларини реконструкция ва модернизация қилиш бўйича туман электр тармоқлари корхонаси томонидан ишлаб чиқилган дастурда мазкур кўчада 2019 йилнингавгуст-сентябръ ойларида 1 та трансформатор ўрнатиш ва янги тармоқ тортиш белгиланган. Бироқ бу иш қоғозда ёзилганича қолди.

Яхшики, 2020 йилнинг март ойида янги трансформатор олиб келинди. Аммо, у қачон ўрнатилади? Кўриб турганингиздек уч ойдирки қаровсиз ҳолда ташлаб қўйилган. Фуқароларни электр таъминоти оғирлашди дегунча дарди янгиланади. Бор имкониятдан фойдаланмасликнинг сабаби нима?

Шу жойда бизни масаланинг яна бир томони ташвишга солди. Аксарият хонадонлар электр тармоғига ноқонуний равишда қўлбола устунлар ва талабга жавоб бермайдиган симлар билан уланган. Бунга улар мажбур ҳам. Ҳавфсизлик борасида фарзандларини ўйлаб доим ташвишдалар.Шу ҳолда туман электр тармоғи ходимларининг кам истеъмол қилаётганда айблашини қандай тушуниш мумкин?

Сўнгги сўзни эшитиш мақсадида корхон раҳбарига юзландик:

Анваржон Умаралиев, Пахтаобод туман электир таъминоти корхонаси раҳбари:

-Мен 2019 йилда раҳбар эмасдим. Дастурнинг ижроси нима сабабдан бажарилмагани хусусида бир гап айтолмайман...

Жорий йилнинг учинчи чорагига ҳам етиб келдик. Ҳадемай йил якунланади. Миянликлар эса яна совуқ кунларда етарли электр энергияси бўлмаслигини ўйлаб ташвишда. Тизимдаги ислохотлар Пахтаободда ўз ижросини топадими, деган саволимиз ҳам очиқлигича қолди.

Акбаржон НАЗАРОВ,

Рустамжон ЭШОНОВ.