Бугуннинг гапи

СУВСИЗЛИКДАН «ДОД» СОЛАЁТГАН БОҒЛАР (+ФОТО, ВИДЕО)


29.07.2020   42695

Давлат идораларига қилинган ҳар қандай мурожаат замирида одамларни қийнаётган бирон бир “дард” ётади. Мурожаатчилар кўтарганмуаммоларнинг ҳал этилиши давлат идораларига бўлган ишончни мустаҳкамлайди. Юртбошимиз томонидан барча даражадаги раҳбарларга айнан мана шундай талаб қўйилаётган бир вақтда сув тизими раҳбарлари Андижон тумани, Т.Мирзаев массивидаги фермер хўжаликларининг муаммоларини ҳал этмай, пайсалга солиб келмоқда.

Фото: ҚУРИЁТГАН БОҒЛАР...

Охирги умидимиз сизлардан, дея бизга ёзилган шикоят хати “Сувтанқислиги туфайли боғлар қуриб боряпти...”, деган жумла билан бошланади. Аввалига жорий йилда бутун республикамизда сув танқислиги юзага келгани, Вазирлар Маҳкамасининг “2020 йил ёзги суғориш мавсумида экин майдонларини сув билан ишончли таъминлаш ва сув танқислигининг олдини олишга қаратилган кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бежиз қабул қилинмаганини тушунтирмоқчи бўлдик. Бироқ “Бизнинг муаммоларимиз кўп йиллик, қуриб бораётган дарахтлар умримизни ҳам қисқартирмоқда”, дейишгач сергак тортдик.

-Очиғи бошимиз қотди,-дейди “Ўктамжон зийнати” фермер хўжалиги иш юритувчиси Умаржон Хайитов.-Ҳар бир дарахт ўз фарзандимиздек бўлиб қолган. Кун сайин қуриб бораётганини кўриб юрагимиз оғрийди...

Йиллар давомида миришкорларнинг машаққатли меҳнатлари эвазига яратилган боғлардаги олма, ўрик, шафтоли ва бодом дарахтларининг сувга ташналиги кўриниб турибди. Фермер хўжаликларининг раҳбарлари бу масалада бир неча бор тегишли идораларга мурожаат қилишган. Аммо барчаси бесамар кетмоқда, арзлар қулоқларда, ёзувлар эса қоғозларда қолди.

Бундан бир неча йиллар аввал жаннатга қиёсланган адирликнинг бугунги қиёфаси ачинарли. Фарғона водийси бозорларида доим харидоргир бўлган Отчопар тарвузлари айни шу жойларда етиштирилган. Сарҳил меваларининг мазасини таърифлашга тил ожиз.

Саҳоватпеша Маъмурахон Бозорбоева раҳбарлигидаги Андижон тумани “Умр” ногирон болалар маркази томонидан 2015 йилда ташкил этилган мана бу боғларда етиштирилган мевалар 1027 нафар кўнгли яримларга тортиқ қилинаётганди. Афсус, энди уларнинг дастурхони ҳам “қурийдиган” кўринади. Кўчатларга қараб раҳмингиз келади.

Нахот ҳаммаси ортда қолмоқда? Боғбонларниқуриган дарахтларни кесишга қўли бормайди. Чункимеҳнати сингган.

Адирликда яратувчиликнинг ўзи бўлмайди.Бироқ 360 гектар майдондаги боғлар қуриб бораётгани ачинарли. Биргина сабаб сув танқислиги. Мутахассислар эса ўринсиз баҳоналар билан ўзини оқлашдан нарига ўтмайди.

-Сувнинг таги йўқ,-дейди Андижон тумани ирригация бўлими Улуғнор сув бўлими бошлиғи Абдусаид Ортиқов,- Биз нима ҳам қилардик. Фермерлар ҳақ.

Қизиқ, ирригация ходимларининг вазифаси нима? Олма пиш, оғзимга туш, деб ўтириш билан иш битадими? Тармоқ бошидаги фермерларнинг ерлари қониб сув ичгани сабаб кутилган ҳосилни беряпти. А.Ортиқов айтганидек, сувнинг таги йўқ эмас. Фақат тартиб ўрнатиш, навбат билан суғориш лозим.

Куни кеча адирлар орасида бир хайқириқ янгради: сув келди! Бироқ боғбонларнинг қувончи узоққа чўзилмади. Сув йўлларига кириб борган обиҳаёт атиги 20 дақиқа оқди. Фермерларнинг куйинишича энди уларнинг навбати ўтди.

Шу ўринда савол туғилади: фермер хўжаликларига сув етказиб беришга масъул туман сув истеъмолчилари уюшмаси қаёққа қарамоқда? Уларнинг ишидаги қатор камчиликлар соҳани қониқарсиз аҳволга олиб келяпти. Халигача истеъмолчилар билан шартнома тузилмаганини қандай тушуниш мумкин?

Сув хўжалиги муносабатларини тартибга солиш ва шартномавий муносабатларни йўлга қўйиш, сув олиш лимитларини ишлаб чиқиш, ажратилган лимит доирасидаетказиб бериш, унинг ҳисоб-китоби ва тизимли мониторингини олиб бориш, суғориш тармоқларини реконструкция қилиш уларнинг вазифаси эмасми?

Масалага аниқлик киритиш мақсадида сув боши-Улуғнор насос станциясига кириб бордик. Мавжуд 6 та агрегатлар тўла ишчи холатда. Фақат вегетация даврида юқори ташкилотларнинг буйруғи билан тез тез сув чиқариш тўхтатиляпти.

Яна бир муаммо. Насослар ёрдамида талаб даражасидаги сув чиқарилишига қарамай суғориладиган майдонларга етиб бормаётганининг сабаби нимада? Жавоб битта: тармоққа ноқонуний равишда уланиб, яширинча истеъмолга йўл қўйилаётгани.

Кимдир сувга зор бўлаётган бир вақтдакимдир уни хор қилмоқда. Масъуллар эса бу ҳолга кўз юмаяпти.

-Бу масалада бир неча бор юқори ташкилотларга ва ҳуқуқ тартибот идораларига мурожаат қилдик,-дейди Улуғнор насоси муҳандиси Олимжон Долимов.-Бироқ натижа бўлмаяпти. Ўттиздан ортиқ жойда қувурларга ноқонуний уланиш нуқталари бор.

Ҳар бир иш қачонки ҳисобли бўлганда натижа беради. Шу маънода сувнинг ҳам ҳисоби бўлгани яхши. Бироқ соҳа мутахассислари буни унутган кўринади. Норин-Қорадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ва вилоят насос станциялари бошқармаси, сув истеъмолчилари уюшмаси раҳбарлари негадир тамошабин. Улар зиммасидаги вазифага виждонан ёндашиб,муаммоларни ҳал этса, истеъмолчиларнинг уларга бўлган ишончи ортади.

Акбаржон НАЗАРОВ,

Рустамжон ЭШОНОВ.