ЖАМИЯТ

ХОТИН-ҚИЗЛАРДАН ОТМЛАРДА ЎҚИШ УЧУН ТАВСИЯНОМАГА АРИЗАЛАР ҚАБУЛИ БОШЛАНДИ


06.05.2024   716

Оила ва хотин-қизлар қўмитаси мутахассислиги бўйича камида 5 йил меҳнат стажи мавжуд, бироқ олий маълумотга эга бўлмаган хотин-қизларга тавсиянома бериш учун аризалар қабул қилиш бошланганлигини маълум қилди.

Мутахассислиги бўйича камида 5 йил меҳнат стажи мавжуд, бироқ олий маълумотга эга бўлмаган хотин-қизлар давлат олий таълим муассасаларига алоҳида қабул параметрлари (жами 500 та квота) доирасида тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиниши белгиланган.

Ушбу имтиёздан фойдаланмоқчи бўлган хотин-қизлар Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг тавсияномасига эга бўлишлари лозим.

Тавсиянома олиш учун талабгорлар қуйидаги мезонларнинг барчасига мувофиқ келиши керак:

ўрта махсус ёки профессионал таълим бўйича мутахассисликка эга бўлиши (коллеж, техникум дипломига эга бўлиши);

тавсиянома олгунга қадар олий таълим олмаганлиги ёки олмаётганлиги (давлат ва нодавлат олий таълим муассасаларида ўқимаётган бўлиши керак);

ўрта махсус ёки профессионал таълим мутахассислиги бўйича камида беш йиллик меҳнат стажига эга бўлиши (ўрта махсус дипломини қайси мутахассислик бўйича тугатган бўлса, шу мутахассислик бўйича камида 5 йил ишлаган бўлиши керак).

Мутахассислиги бўйича камида беш йил меҳнат стажига эга бўлган, лекин олий маълумотга эга бўлмаган, ўрта махсус ёки профессионал таълим муассасаларини тамомлаган талабгорлар жорий йилнинг 1 июнига қадар ариза билан туман (шаҳар) Оила ва хотин-қизлар бўлимлари ҳузуридаги Мутахассислиги бўйича камида беш йил меҳнат стажига эга бўлган хотин-қизларга тавсиянома бериш масаласини кўриб чиқиш бўйича доимий яшаш ёки вақтинча рўйхатда турган жойидаги туман (шаҳар) Ишчи гуруҳларига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

1. Фуқаролик паспорти ёки ID карта нусхаси.

2. Меҳнат дафтарчаси (электрон меҳнат дафтарчаси)дан кўчирма.

3. Ўрта-махсус ёки профессионал таълим бўйича диплом.

Талабгорлар томонидан тақдим этилган ариза ва ҳужжатлар туман (шаҳар) Ишчи гуруҳлари томонидан ўрнатилган тартибда 1-7 июнь кунлари кўриб чиқилади ва тавсиянома бериш ёки тавсиянома беришни рад этиш тўғрисида хулоса қабул қилинади.

Ишчи гуруҳ хулосаси асосида хотин-қизларга тавсиянома беришга тавсия этиш ёки уни рад этиш тўғрисида 7-10 июнь кунлари туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиқлари томонидан қарор қабул қилинади ҳамда уни Оила ва хотин-қизлар қўмитасига кўриб чиқиш учун тақдим этилади.

Ҳар йили 10 июндан 14 июнга қадар Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси томонидан тақдим этилган қарор ва унга илова қилинган ҳужжатлар кўриб чиқилиб, Қўмита раисининг тавсияномаларни бериш ёки уни рад этиш тўғрисидаги буйруғи чиқарилади.

15 июнга қадар тавсияномалар ўрнатилган тартибда ўз эгаларига етказилади.

Тавсиянома берилган кундан бошлаб уч йил муддат давомида фақат бир марта олий таълим муассасасига қабул қилиниши учун амал қилади.

Манба