АТРОФГА НАЗАР

ҚУЛУПНАЙ ПАРВАРИШИДА СУВНИНГ АҲАМИЯТИ


25.04.2024   757

Қулупнай нисбатан нозик экин, бироқ у озиқ моддаларга бой, ҳаво ўтказувчан тупроқларда яхши ривожланиб, юқори ҳосил беради. Ўзбекистон шароитида қулупнай етиштиришнинг энг асосий шарти - экинни сув билан таъминлашдир.

Ўзбекистоннинг водий қисмидаги тез-тез ёғиб турадиган ёғингарчиликлар ҳам экин ўсиш давридаги намга бўлган талабни қондиролмайди. Шунинг учун суғориш агротехника комплексининг ажралмас қисми ҳисобланади. Зарур сув миқдорини ва суғориш сонини аниқлашда йирик мевали қулупнайнинг биологик хусусияти, тупроқ характери, ёғин-сочин миқдори, экин қалинлиги, нав ва унинг шаклланиш шароитлари ҳисобга олинади.

Ўсимликларнинг сувга бўлган талаби баргининг ҳолатига қараб аниқланади. Тупроқнинг нормал намлиги тупроқ нам сиғимига нисбатан 15-20% ни ташкил этиши лозим.

Ўсимлик ўсув давридан тиним даврига ўтаётганда намлик камайтирилади, бу тўқималарни тезроқ етилтириш учун қилинади. Тупроқ намлиги илдиз тизими жойлашган қисмда (30-40 см) аниқланади. Намуна белкурак билан кавлаб ёки қўл билан олинади. Кўпинча ер устки қисми қуруқ, чуқурроқ қисми эса етарли миқдорда нам бўлиши мумкин.