Андижон 24

ЖАНУБИЙ ОЛАМУШУКДА 150 НАФАР АЁЛНИНГ БАНДЛИГИНИ ТАЪМИНЛАГАН ТРИКОТАЖ КОРХОНАСИ ИШГА ТУШДИ


29.08.2019   1729

ЖАНУБИЙ ОЛАМУШУКДА 150 НАФАР АЁЛНИНГ БАНДЛИГИНИ ТАЪМИНЛАГАН ТРИКОТАЖ КОРХОНАСИ ИШГА ТУШДИ

Жалақудуқ тумани, Жанубий Оламушук шаҳарчасидаги Бирлашган маҳалла фуқаролари йиғини ҳудудида 150 нафар аёлни иш билан таъминлаган трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган “Аl-Xakim” корхонасининг биринчи босқичи фойдаланишга топширилди. Унинг расмий очилиш маросимида вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов иштирок этди. Бу ҳақда “auz.uz” мухбири хабар бермоқда.

Жалақудуқ тумани ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи Зокиржон Давроновнинг маълум қилишича, вилоят раҳбари ўтган йилнинг декабрь ойида хизмат вазифасини бажараётган аскарлар учун яратилган шароитлар билан танишиш мақсадида ҳудудда жойлашган ҳарбий қисмга ташриф буюрганди. Ўшанда ҳарбийлар ва оила аъзолари билан суҳбатда бўлиб, уларни қийнаётган муаммоларга қулоқ тутганди.

“Бундан саккиз ой аввал келганимда аёллар уйда ўтириш жонига теккани, ишлашни исташаётганини айтишганди. Тўғрида, эри кун бўйи ишда, боллари ўқишда бўлгандан кейин зерикадида. Мана нафақат уларнинг, балқи Оламушукда яшайдиган бошқа хотин-қизларнинг ҳам орзулари амалга ошди. Энди улар ҳам бошқалар каби меҳнат қилишиб, ўзига қарашади. Энг асосийси, ҳаётдан мамнун бўлишади.”, - деди вилоят раҳбари тантанали маросимда.

“Аl-Xakim” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Исроилжон Ураимовнинг айтишича, лойиҳанинг умумий қиймати 7 миллиард 500 миллион сўмни ташкил этади. Шундан 4 миллиарди тадбиркорнинг ўз ҳисобидан, 3,5 миллиард сўм эса “Ипак йўли” тижорат банки томонидан берилган кредит маблағлари сарфланган. Агарда иккинчи босқич ҳам ишга тушадиган бўлса, яна 150 та ишчи ўрни яратилади. Маҳсулотлар тўлиқ ҳолда хорижга экспорт қилинади.

Туман ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Маликахон Юсупованинг айтишича, корхонага ишга жойлашганларнинг 35 нафари ҳарбийларнинг аёллари. Қолганларини эса шу атрофда истиқомат қилувчи ишсиз хотин-қизлар ташкил этади.

- Асли чустликман, Навоий вилоятига келиб тушганман, - дейди ҳарбийлар шаҳарчасида истиқомат қилувчи Маликахон Кабисова. – Тақдир экан икки йилдан буён турмуш ўртоғим Сурат Жамолов шу ерда хизмат вазифасини бажармоқда. Авваллари тикувчилик қилганман, лекин турмушга чиққанимдан сўнг оилавий сабаблар туфайли ишламасдим. Корхонамиз уйимизни олдида. Энди ҳам ишлайман, ҳам оиламга қарайман. Бундай шароитни яратиб берганларга миннатдорлигимни билдираман.

- Уч-тўрт йилдан бери Хўжаобод туманидаги цехга қатнаб ишлардим, - дейди Навоий маҳалласида яшовчиГулираъно Қодирова. – Албатта, шароитлар яхши эди. Фақат ҳар куни шунча йўл юриб, икки карра чарчаб қолардим. Энди эса иш жойим уйимга яқинда жойлашган. Бундан хурсандман.