Андижон 24

ЗАМОНАМИЗ ҚАҲРАМОНЛАРИ БЎЛМИШ ТИББИЁТ ХОДИМЛАРИ КОРОНАВИРУС БИЛАН МАТОНАТ БИЛАН КУРАШМОҚДА


03.04.2020   2278

Шифокорларнинг ўз касбига садоқати, меҳнати – жасорат намунасидир.

Шавкат МИРЗИЁЕВ.

Биргаликда енгамиз!

ЗАМОНАМИЗ ҚАҲРАМОНЛАРИ БЎЛМИШ ТИББИЁТ ХОДИМЛАРИ КОРОНАВИРУС БИЛАН МАТОНАТ БИЛАН КУРАШМОҚДА

Бир ҳафтадирки, Андижон вилояти юқумли касалликлар шифохонасининг 120 нафар тиббиёт ходими учун кун билан туннинг фарқи йўқ. Чироқлар ўчмайди, ҳаракатлар тўхтамайди. Улар коронавирус касаллигига чалинган беморлар дардига даво излашмоқда, муолажалар қилишмоқда.

-Бу ҳолатдан ходимларимиз таҳликага тушиб қолганлари йўқ, - дейди шифокорлар бригадаси бошлиғи Одилжон Абдуллаев. - Гиппократ қасамига содиқ қолган ҳолда ўз касбларига садоқат билан хизмат кўрсатмоқдалар. Таъбир жоиз бўлса, бемор ва хасталик ўртасида туриб, вирусга қаршижасорат билан “жанг” қилишмоқда.

Беморларни даволаш учун зарур дори-дармонлар, тиббий воситалар, калорияга ва витаминларга бой бўлган озиқ-овқатлар, зарарсизлантирувчи воситалар давлатимиз томонидан тўла таъминланмоқда. Шу билан бирга, фаолият кўрсатаётган ходимларга ҳам махсус ҳимоя кийимлари, ҳимоя воситалари ва озиқ-овқат ўз вақтида етказиб бериляпти.

Шифокорлардан Абдурашид Мамажонов, Омонилло Ўсаров бригада бошлиғининг икки қанотига қиёслаш мумкин. Бир неча ўн йиллик тажриба, малака туфайли беморлар дарди кундан-кунга арияпти. Қўли енгил ҳамширалар беморларга муолажа қилибгина қолмасдан, маънавий ва руҳий жиҳатдан ҳам кўнглини кўтаришга интилишяпти.Тўғрисини айтиш ва тан олиш керак, улар муолажа пайтидава бошқа текширувлар чоғида ҳам бемор билан кўпроқ мулоқотда бўладилар. Қалблари либосларидек оппоқ бу касб эгаларини бежиз шафқат ҳамширалари, саломатлик маликалари, дея алқамайдилар. Муҳаббатхон Раҳмонова, Назирахон Собирова, Дилфузахон Сатимова, Нилуфар Болтабоева ва бошқа опа-сингилларимизнинг ҳар бир кун ва туни жасоратга йўғрилмоқда.

Кичик тиббий ходимлар Муқаддасхон Эргашева, Салимахон Аҳророва, Дилрабо Позиловалар эса бўлим ва хоналарда озодалик таъминотига бош-қош бўлишмоқда. Тиббиётнинг қуйи поғонасини эгаллаган бу аёллар меҳнати ҳар қандай юксак олқишу таҳсинга сазовор. Улар кундузни кундуз, кечани кеча демай, ҳамшираю шифокорлар билан ёнма-ён туриб, касалликка қарши биргаликда курашишяпти.

Ана шу қаҳрамонона меҳнатга шифохона бош шифокори ШукруллоСолижонов қуйидагича таъриф берди:

-Ходимларимиздан кунда хабар олиш асносида уларга боқарканман, уйқусизликдан киртайган, ичига ботиб кетган кўзларда ҳадик ёки таҳлика аломатларини эмас, матонат учқунларини кўраман. Кўринмас ёв билан кураш асносида толиққан юзларни эмас,касалликни чекинтириш умидидан балқиётган чеҳраларни кўраман. Улар ўз ҳаётини хавф остига қўйиб бўлса-да, бемор ва касаллик ўртасида қалқон вазифасини ўташмоқда. Бу, немис-фашист газандалари ДЗОТига қарши бориш билан баробар жасорат ва қаҳрамонликдир.

Ҳа, Сизу биз уйимизда, оиламиз бағрида, иссиққина ўрнимизда ётиб-турган пайтимизда коронавирусга қарши курашга сафар этилган барча тиббий муассасалар ходимлари “тождор душман” билан яккама-якка олишмоқда. Уларни ҳар қанча олқишласак, фахр билан замонамиз қахрамонлари, деб атасак, арзийди. Шундай шифокорларимиз бор экан, биз, албатта, енгамиз!

Нажмиддин ИКРОМИЙ.