Андижон 24

«ЮЛДУЗЧА»ЛАР ДАВРАСИДА


15.11.2019   979

Андижон шаҳридаги “Мустақилликнинг 21 йиллиги” маҳалласида 6 минг 600 дан зиёд аҳоли 1 минг 228 та оилада истиқомат қилади. Ҳудудда 1 та 47-мактабгача таълим ташкилоти фаолият кўрсатади. У 180 ўринга эга бўлиб, маҳалладаги мактабгача ёшдаги болаларни қамраб олишга етарли эмас эди.

Мамлакатимизда мактабгача таълим соҳасига қаратилаётган эътибор ҳамда нодавлат йўналишларга йўл очилганидан сўнг кўп йиллик тажрибага эга бўлган педагог, 47-МТТ мудираси Юлдузхон Маматовада янги боғча қуриш ва маҳалла аҳлининг бу борадаги эҳтиёжини қондириш ғояси пайдо бўлди. Ўтган йили ушбу таклиф билан маҳаллий ҳокимият вакилларига мурожаат қилганида унинг ташаббуси қўллаб-қувватланди ва бўш ер майдони ажратилди. Бундан илҳомланган Юлдузхон опа оила-аъзолари кўмагида ҳамда банк кредити ҳисобига қурилиш ишларини бошлаб юборди.

Қисқа фурсатлар ичида маҳаллада янги нодавлат мактабгача таълим ташкилоти қад ростлаб, унга “Ириска” номи берилди. Замонавий типда, эртакмонанд кўринишдаги иншоот энг сўнгги русумдаги мебеллар, боланинг ақлий билимини оширишга хизмат қилувчи ўйинчоқлар, турли ўқув қуроллари билан жиҳозланди.

Жорий йилнинг апрелида 100 ўринга эга бўлган ташкилотнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов иштирок этиб, тадбиркор-педагогнинг ҳаракатларини юқори баҳолаб, “Юлдузча” номини беришни таклиф қилди. Ўтган муддат ичида болалар муассасига иқтидорли, ўз касбининг фидоийси ва мутахассиси бўлган кўплаб педагог ходимлар ишга олиниб, яхши натижалари билан кўпчиликнинг эътиборига тушди.

Куни кеча муассасада 47-мактабгача таълим ташкилоти ҳамкорлигида Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 ташаббус йўналишлари бўйича семинар ташкил этилди. Унга вилоятдаги кўпгина давлат, нодавлат мактабгаача таълим ташкилотларининг мутасаддилари ҳамда мутахассислари ташриф буюрдилар. Тарбиячи ва тарбияланувчилар учун яратилган шароитлар меҳмонларда яхши тассурот қолдирди.

- Хоналар дид билан, узоқни ўйлаб ва болаларнинг ёшига мослаб безатилган, - деди суҳбатдошимиз Жалақудуқ туманидаги “Муҳайёбону” нодавлат мактабгача таълим ташкилоти мудираси Моҳирахон Мирзаева. – Ётоқ жойлари турли шаклдаги автомашиналар андозасида қилинган. Хоналар иссиқ, покиза. Деворларга турли шакллар берилиб, бола тасаввурини оширишга хизмат қиладиган тасвирлар туширилган, гуллар, эртак ва мультфильм қаҳрамонлари гавдалантирилган. Семинарда иштирок этиб, ўзимга жуда кўп нарсаларни олдим ва фаолиятимда қўллашни ният қилдим.

Мусиқали дастурда ҳар икки жамоанинг нафақат болалар таълим-тарбияси балки, тўгарак машғулотларига ҳам жиддий эътибор қаратаётгани маълум бўлди. Беш ташаббус йўналишлари бўйича нодавлат таълим ташкилоти тарбияланувчилари “Зумрад ва Қиммат” эртагини асос қилиб олган бўлсалар, 47-мактабгача таълим ташкилоти жамоаси “Келинлар қўзғолони” спектаклига ўхшатма қилдилар. Ҳар иккиси ҳам ўзига хос топқирлик билан билим олиш, касб-ҳунар ўрганишнинг афзаллиги, болалар таълим-тарбиясида оиланинг ўрнини очиб берди.

Ватанни мадҳ этувчи қўшиқлар, шеърлар, миллий ва турли халқларнинг рақслари меҳмонларга кўтаринки кайфият бағишлади. Шерзодбек Шукуров раҳбарлигидаги спортчи болалар чиқишларини намойиш этдилар.

- Эришаётган муваффақиятларимизда жамомизнинг меҳнаткаш ва изланувчан ходимларининг ҳиссаси катта, - дейди Юлдузхон Маматова. – Улар ўзларига юклатилган вазифани ортиғи билан адо этиб келмоқдалар. Масалан, тарбиячи Дилнозахон Алиева рус, инглиз тилларида бемалол гаплаша олади ва болалар билан шу тилларда мулоқот қилади. Одинахон Каримжонова эса рус тилида машғулотлар олиб боради. Зумрадхон Низомова ҳамда Маликахон Мирзаевалар кўп йиллик тажрибага эга ва ёшларнинг севимли устозидир.

Мудира опанинг олдинга режалаштирган ишлари кўп. Таълим тарбия йўналишидаги барча илғор тажрибаларни ҳаётга жорий этиш, технологик воситалар билан таъминлаш, болаларни ҳам ақлан, ҳам жисмонан мактабга тайёрлаш шулар жумласидандир.

Шефие ИМАНКУЛОВА.

Суратда: тадбирдан лавҳалар.

Муроджон Тўхтаназаров олган суратлар.