Андижон 24

“ЮКСАЛИШ” УМУММИЛЛИЙ ҲАРАКАТИ ИНСОН ҲАҚ-ҲУҚУҚЛАРИГА ДАХЛ ҚИЛУВЧИ ҲАР ҚАНДАЙ ҲОЛАТГА ҚАРШИ


15.06.2020   906

Жорий йилнинг 30 май куни Андижон шаҳри Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 4-сонли ички ишлар бўлими ходимлари томонидан, иш юритувидаги ариза юзасидан ички ишлар бўлимига олиб келинган фуқаро А.Абдукаримов Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиалига ётқизилганлиги ва врачлар томонидан кўздан кечириш давомида унинг баданида оғир тан жароҳатлари мавжудлиги аниқланган. Унга шифокорлар томонидан зарур тиббий ёрдам кўрсатилган бўлишига қарамасдан, А.Абдукаримов 11 июнь куни вафот этганлиги барчамизга маълум.

Ҳолат юзасидан Андижон шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган ва ушбу жиноятга қўл урган катта лейтенант Ф.Хусанбоев, катта лейтенант Э.Райимжонов ва катта лейтенант Қ.Қодировларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқка олиш эҳтиёт чораси қўлланган. Бундан ташқари тегишли вазирлик ва идоралар томонидан ҳам назоратга олинган.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Андижон вилояти бўлинмаси бу каби ҳолатларни қатъий қоралайди ва келажакда аниқ чоралар кўрилиши, адолат тўлиқ қарор топиши, ҳар бир содир бўлган жиноят учун жазо муқаррарлиги принципида иш олиб борилиши ва энг асосийси тергов фаолиятида инсон ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш, гумон қилинувчи ва айбланувчиларга нисбатан зўравонлик ва шафқатсизлик ҳолатларга мутлақо йўл қўйилмаслигини таъминлаш учун барча имкониятлар ишга солинишига умид билдиради.

Марҳумнинг оила аъзоларига эса ҳамдардлик билдиради.

Ҳаракат Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси.