ЖАМИЯТ

ЁШ СУДЬЯЛАРГА ФАХРИЙ УСТОЗЛАРНИНГ ҲАЁТИ ИБРАТ, СЎЗИ ЭСА ҲИКМАТДИР


08.05.2021   1121

Хотира ва қадрлаш куни арафасида Судьялар олий кенгаши томонидан соҳа фахрийларининг судьялик лавозимига илк бор тайинланган ёшлар билан учрашуви ташкил этилди. Онлайн мулоқотда Андижон вилоятида фаолият олиб бораётган навқирон мутахассислар ҳам иштирок этишди.

Тадбирда ёш судьялар фаолиятида юзага келаётган муаммо ва тушунмовчиликларнинг ечимлари хусусида сўз борди. Тизимда ишлаб пенсияга чиққан устозлар айни касбнинг мақоми масъулият, ҳалоллик, фидойилик, доимий малака ошириш, одоб-ахлоқ сингари мезонлар билан узвий боғлиқ эканлигини таъкидладилар.

Вилоят доирасида давом этган мулоқотда умрининг қирқ йилини шу соҳага бағишлаган фахрий устоз Одинахон Насриддинова ва бошқалар ёш ҳамкасбларига адолат тамойилини ҳамиша байроқ қилиш юзасидан зарур ҳаётий тавсиялар бердилар.

Мулоқот ниҳоясида фахрийларга вилоят судининг эсдалик совғалари тақдим қилинди. Шунингдек, тизимда ишлаб, айни паллада кексалик гаштини сураётган устозлар ҳамда ҳаётдан барвақт кўз юмган ҳамкасбларнинг оила аъзолари йўқланди.