Андижон 24

ЁЛҒОНЧИ РАИС ёки ШАҲРИХОН ТУМАНИДАГИ НАЙМАН МАҲАЛЛА ФУҚАРОЛАР ЙИҒИНИДАГИ АЖАБТОВУР БИР ВОҚЕЛИК ҲАҚИДА


25.11.2021   7792

Мазкурмаҳаллада яшовчи фуқаро Ҳилолахон Ориповадан келган мактуб боис биз ушбу маҳаллага борган эдик. Маҳалла биноси эшигига қулф солинган бўлиб, дераза ойнасига “Хатловдамиз” мазмунида бир парча қоғоз ёпиштириб қўйилибди. Ўтган-кетгандан раиснинг телефонини олиб алоқага чиқдик. Раис “барчамиз Ҳунармандлар марказидаги тадбирдамиз, Сизлар билан тушликдан сўнг албатта учрашамиз”, дея ваъда берди. Вақт тиғизлигини ҳисобга олиб ҳунармандлар маркази томон йўл олдик. Афсуски, маҳалла каттаси бизга шунчаки ёлғон гапирган эканки, у билан юзма-юз бўлиш насиб этмади.Бахтимизга зикр этилаётган маҳалла фуқаролар йиғини ходими Азизахон Беркинова шу жойда экан.

Унга келишимиз боиси ҳақида сўз очишимиз биланоқ, мурожаатчи Ҳилолахон Ориповани инсофсизликда айблашни бошлади. “Сизлар изингизга қайтиб маҳалла идорасига боринглар, котибкутиб олади”. Бу сафар ҳам чув тушдик. Котибнинг қаердалигини суриштириб, юзма-юз бўлолмадик...

Маҳаллада яшовчи фуқаролар кўмагида Ҳилолахон Орипова хонадонини аниқлаб, дарвоза тақиллатдик. Ҳовлининг кўринишининг ўзи Ҳилолахоннинг яшаш тарзи оғир эканлиги дангал кўриниб турибди. Дарҳақиқат, унинг турмуш ўртоғи Анварбек Орипов 2013 йилда Паркинсон синдромига чалиниб, ҳозирда биринчи гуруҳ ногирони бўлиб, юра олмайди, гапирмайди. Бу касаллик доимий даволанишни талаб этиши туфайли берилаётган ногиронлик пули ҳеч қачон етмайди. Оиладаги уч нафар фарзанднинг харажати ҳам ўзига яраша, албатта.

- Яхши инсонлар кўмагида кунимизни кўрмоқдамиз, - дейди Ҳилолахон Орипова. – Оиламиз “Темир дафтар” да туради. Афсуски, маҳалла раиси Шуҳратбек Жарқинов хабар олишга вақт тополмайди. Эмишки, маҳалламизда биздан ҳам оғирроқ ҳаёт кечираётганлар кўп экан. Маҳалладан садо чиқмагандан сўнг тумандаги халқ қабулхонасига бордим. У ердагилар Шуҳратбек Жарқиновга учрашинг, деган тавсияни тақдим этишбилан қутулишган бўлишди. Тўғри, 2020 йилда, пандемия авжига чиқаётган паллада6 бор ойма-ой 376 минг сўмдан моддий ёрдам олдик. Осмон йироқ, ер қаттиқ экан. Янги ўқув йили бошида Президентимиз кам таъминланган оилалардаги мактабга борадиган болаларнигҳар бирига 500 минг сўмдан ёрдам пули берилиши ҳақида қарор қабул қилди. Бу рўйхатга менинг уч нафар фарзандим сиғмади-я...

Ўксик оила турмуши билан танишиб, аҳволининг ўта оғирлигини кўрдик. Хонадондан чиқиб Найман маҳалласида яшовчи кўплаб инсонлар билан Ҳилолахон Орипованинг ёзган мурожаатига муносабат сўраганимизда барча суҳбатдошларимиз у томонидан ёзилган мурожаат ҳақиқат эканлигини тасдиқлашди...

Ҳилолахон Орипова “Олма пиш, оғзимга туш” қабилида таҳририятга шикоят йўллагани йўқ, албатта. У қишлоғидаги “Пахтакўл тонги” фермер хўжалигида имкон қадар ишлаш учун вақт топади. Бир эгат ғўза чопиб, уйига куёви ва фарзандларини ҳолидан хабар олиш учун чопади ва яна даласига қайтиб, қўлига кетмон олади. Фермер бўлмиш Илҳомжон Бозорбоев Ҳилолахонга имкон қадар яхшилик қилишни канда қилмайди.

Мамлакатимизда инсон қадрини кўтаришга бошланган ҳаракат ортидан айнан Ҳилолахон Орипова оиласикаби “гирдоб” га тушиб қолган инсонлар меҳр-оқибат қуршовида бўлишида маҳалланинг ўрни алоҳида эканлиги асл ҳақиқат.

Шу ўринда Найман маҳалла фуқаролар йиғини раиси Шуҳратбек Жарқинов ва унинг командасига айтар сўзимиз бор. Наҳотки, бошқарувнинг энг қуйи поғонасида ёлғон сўзлаш ёки ахборот бериш билан узоққа етиб бормасликни англаш ҳисси бўлмаса?!

Бир неча кундирки, куз ҳавоси ўрнини қиш эгалламоқда. Эрта тушган совуқ заҳри муҳтожликкага маҳкум бўлган Ҳилолахон Орипова оиласига ортиқча ташвишлар олиб келишиҳам аниқ.Оғир касал бир томон, уч нафар вояга етмаган бола ташвиши бир томон. Номи“Темир дафтар” да бўлиб, унинг имкониятларини кўришни орзулаётган Ҳилолахон Орипованинг оғир юкини тасаввур этиш нақадар залворли эканлиги ҳолатни кўрган ҳар бир инсоннинг музлаган қалбини эритиб юборади.

Давлатимиз раҳбарининг Маҳалла – ёруғ юзимиз ва виждонимиз кўзгуси.У халқ билан давлат ўртасидаги кўприк бўлиши керак. Одамларнинг қувончу ташвишидан доимо хабардор бўлиш эса асосий вазифасидир”, деганларида фидойи инсонларни кўзда тутганликлари аниқ-равшан.

Биз ушбу чиқишимиз доирасида кўрганларимиздан хулоса олиб, Шаҳрихон тумани Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими мутасаддиларига Ҳилолахон Орипованинг мурожаати бўйича суриштирув ишлари ҳақида сўз очмадик. Бунинг сабаби шуки, ўтган йили пандемия даврида мазкур туманда “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати қизғинлик касб этган чоғда молиявий найрангликлар юз берганлигидан воқифмиз.

Ўйлаймизки, кўтарилаётган масала борасида вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси катталари аниқ ва лўнда жавоб берадилар.

Нуржаҳон ЙЎЛДОШЕВА.

«Андижоннома» газетасидан олинди.