Андижон 24

ЯНГИЛАНАЁТГАН ЯНГИ ТУРМУШ


22.03.2023   661

Андижон вилояти Шаҳрихон туманидаги Янги турмуш маҳалласи шу кунларда янада чирой очган. Баҳор нафаси эсаётган, халқимизнинг қадим ва бетакрор байрами Наврўз арафасида юртимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Янги турмушда ҳам кенг кўламли бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Кейинги йилларда маҳаллада замонавий инфратузилма иншоотлари, турли савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари бунёд этилгани аҳолининг турмуш фаровонлигини янада юксалтирди.

Айни пайтда маҳаллада олти юздан ортиқ хонадонда 4 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади. Маҳалла ҳудудидаги умумтаълим мактаби, 2 оилавий мактабгача таълим ташкилоти, қишлоқ врачлик пункти, дорихона, савдо дўконлари, сартарошхона, шунингдек, қатор маиший хизмат кўрсатиш тармоқлари хизматидан аҳоли мамнун.

– Етмиш ёшни қораладим, ҳаётда кўп яхши-ёмон кунларни кўрдим, – дейди Янги турмуш маҳалласи Қашқар кўчасининг оқсоқоли, меҳнат фахрийси Одилжон Сиддиқов. – Очиғи, маҳалламизда бугунги ўзгаришлардан, бунёдкорлик ишларидан беҳад мамнунман. Қурилаётган дўконлар, кенг ва равон йўлларни кўринг. Рўзғорга зарур бирор нарса харид қилиш учун илгаригидек туман маркази ёки шаҳарга боришнинг ҳеч ҳожати йўқ. Ҳамма нарсани маҳаламизнинг ўзидан топиш мумкин. Айниқса, тинчлик-осойишталикдан кўнглимиз тоғдай кўтарилади.

Наврўз байрамига тайёргарлик доирасида ўтказилган хашар давомида маҳалладаги кўчалар, гузарлар, таълим муассасалари, қабристон тозаланди, мавжуд дарахтлар оқланиб, уларга шакл берилди.

– Ободонлаштириш ишларида каттаю кичик бирдек фаол иштирок этди, – дейди “Янги турмуш” маҳалла фуқаролар йиғинида иш олиб бораётган ҳоким ёрдамчиси Рустамжон Одилов. – Айниқса, йўли бўйларига мевали, манзарали дарахт ва гул кўчатлари ўтказилганлиги кўчаларимиз чиройига чирой қўшди. Бу ишларга саховатпеша инсонлар, тадбиркорлар яқиндан ёрдам берди.

Маҳалла фуқаролар йиғини раиси Раҳматжон Эсонов, хотин-қизлар фаоли Шаҳноза Ғаниева, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчисининг самарали фаолияти натижасида маҳалладаги эҳтиёжманд, ёрдамга муҳтож оилаларга зарур ёрдамлар кўрсатилмоқда.

Маҳалланинг Қурама кўчасида яшовчи Ортиқали Ҳасанов бир неча йилдан буён жигар церрози билан оғрийди. Шифокорлар унга Ҳиндистон давлатига бориб, операция қилдириши лозимлигини айтишган. Ушбу оиланинг моддий аҳволи бунга имкон бермас эди. Туман ҳокимлиги, сектор раҳбарининг кўмаги билан маблағ ажратилиб, у Ҳиндистонга бориб операция қилдириб қайтди. Ҳозир саломатлиги яхши.

Қизим, мен ишсиз эдик, оилавий шароитимиз ҳаминқадар эди, - дейди мазкур маҳаллада яшовчи Лолахон Жўраева. – Яқинда маҳалла хотин-қизлар фаоли, ҳоким ёрдамчичи кўмагида субсидия асосида тикув машиналари олиб, ўз хонадонимизда тикувчиликни йўлга қўйдик. Ҳозирда болалар, аёллар либосларини, умуман, буюртма бўйича тикувчилик маҳсулотларини тайёрлаяпмиз. Даромадимиз ёмон эмас.

Умуман, маҳаллада ўтган йили 200 нафардан ортиқ кишининг бандлиги таминланди, 13 та янги якка тартибда тадбиркор ва кичик бизнес субъекти ташкил этилди, 11 нафар фукарога субсидя асосида иссиқхона қуриб берилди, тикув дастгоҳлари берилди. Бундан ташқари, ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиш учун 22 нафар фуқарога кредит ажратилди, деҳқончилик қилиш учун 145 нафар фуқарога 10 ва 15 сотихдан ер берилди.

Субсидия асосида томорқамизга 2 сотихли иссиқхона курдик, - дейди Турсиной Тўхтаназарова. - Иссиқхонага бодиринг, помидори экдик. Насиб этса, мўл ҳосил олиб, оиламиз даромадини кўпайтирамиз.

Янги турмушликлар турли йўналишларда фаолият юритиб, ҳам оиласи, ҳам эл-юртга наф келтирмоқда. Бунинг ортидан уларнинг турмуш фаровонлиги таборо юксалиб бормоқда.

Бугун маҳалла аҳли Наврўзи оламни кўтаринки кайфият, ўзига хос ютуқлар, улуғвор ишларга камарбасталик, обод юрт равнақидан ифтихор туйғуси билан шоду-хуррамликда нишонламоқда.

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,

З. УМРЗОҚОВ (сурат),

ЎзА