ЖАМИЯТ

Янги йил ярмаркалари


11.12.2018   1700

ДЕҲҚОНЛАРУ ЧОРВАДОРЛАРНИНГ САХОВАТИ КЎПЧИЛИКНИҚУВОНТИРЯПТИ

Андижонимизнинг кўркам майдону масканларида ранго ранг безанган бўйдор арчалар янги йилнафасини намоён этаётир. Шаҳарнинг аҳоли гавжум 16 жойида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ярмаркалари харидорларга савдо хизмати кўрсата бошлади. 5-кичик даҳада бундай ярмарканингочилиши кўпчиликнингбайрамига айланди. Қорбобо, Қорқиз болажонлар даврасида кичкинтойлар шеър айтишди. Шўх қўшиқлар янгради.

Вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шуҳратбек Абдураҳмонов барчани Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26 йиллиги,яқинлашиб келаётган янги - 2019 йил байрамлари билан қизғин қутлади, эзгу тилаклар билдирди.

- Қувончли кунларда Сизлар билан кўришиб турганимдан жуда хурсандман. Кўпчиликнинг дастурхони сифатли ноз-неъматлар билан тўкин бўлиши учун ҳаракат қиляпмиз. Юртдошларимизнинг кайфияти кўтаринкилиги асосий мақсад-муддаомиз. Янги йил ҳар қачонгидан-да қувончли, баракали келишига тилакдошмиз.

Вилоят бозорлар уюшмаси «Деҳқон бозори» акциядорлик жамияти томонидан ташкил этилган ярмарка пештахталари қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан тўла. Сархил мева-сабзавотлар , гуруч, мош, ошқовоқ, бодринг, банан, киви сероб. Мол гўштининг ҳар килограмми 30 минг сўм сотиляпти.

- Бундай ярмаркалар кўп қаватли уйларда яшовчиларга қулайлик, - дейди шу даҳада яшовчи Гулсара Азимова. - Бозордагидан анча арзон.

- Ярмарка Янги йил нафасини келтириб, тўкинчилик тимсоли, - дея суҳбатга қўшилди Андижон машинасозлик институтининг академик лицейи ўқитувчиси Неъматжон Йўлчиев. - Набирам болажонлар қаторида ўйнаб, қувонди.

Ярмарка манзараси харидорларга худди қўшиқдагидек олам-олам завқ, шодлик бахш этяпти. Она ер соҳибларининг саховатини кўрсатмоқда.

Аҳмадилло Солиев.