ЖАМИЯТ

Яхшининг боғи


27.02.2018   2088

Ҳамқишлоғим Мирза бува амалдор ҳам, бадавлат ҳам эмас, оддий боғбон эди. Меҳнати билан элга танилганди. Лахтак ерни мевазор қилиб, ҳосилини ҳаммага илинарди. Оқ ўрикка ранг кириши билан чорпояга чақирар, баркашни мевага тўлдириб сийларди, ширин сўзларди.

- Насиба, тотиб кўринглар. Оқ ўрик пишиқчиликнинг даракчиси, хадемай гилос етилади, бирга баҳам кўрамиз.

Кичик боғ тўридаги чорпоя бўш бўлмасди. Катта-кичик ноз-неъматлардан баҳраманд бўларди.

Вақтни тизғинлаб бўлмас экан. Дарёлар суви узоқларга оққандек, инсон умри ҳам ўтиб кетаркан. Мурувватли, меҳмондўст Мирза буванинг орамиздан кетганига ҳам анча йиллар бўлди. Яратган боғи ҳалиям ҳосил беряпти. Яқинлари бизни боғга чорлашади.

Мулоҳаза қилсам мирза бува ҳаётлигида меҳнати, саховати билан боғ, яхшилик қолдирган экан.

Умрим ўтгани сайин ўзимга савол бераман. Биздан нима қоляпти? Боғми, бойликми?

Ўзимча хулоса қиламан. Фурсат борида боғ яратиш, ҳосилини барчага илиниш, оддий, саховатпеша Мирза бувага ўхшагим келади. Қани энди уддасидан чиқолсам. Қишлоқдошларим билан тўкин дастурхон атрофида жамланиб, суҳбатлашсам, яхшиликни амалласам, дейман.

Мирза буванинг ибратли ишлари халқимизнинг яхшидан боғ, ёмондан доғ қолади мақолининг ҳаётийлигини тасдиқлагандек туюлади.

Аҳмадилло Солиев.