Андижон 24

«ВАТАНПАРВАР» ВАТАНПАРВАРЛАРНИ ТАЙЁРЛАЙДИ


23.11.2019   2608

ТАРИХГА БИР НАЗАР

Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилотининг тарихи ўтган асрнинг 20-йилларидан бошланади. Ташкилот 1927 йилда "АВИАХИМ" бирлашмасининг негизида ташкил этилиб, Ўзбекистон "ОСОАВИАХИМ" (мудофаага, авиасозлик ва кимёсозлик қурилишига кўмаклашувчи жамият) деб атала бошланди. Ташкилотнинг биринчи раиси Ўзбекистон Халқ комиссарлари Советининг раиси Файзулла Хўжаев эди.

1941 йилда Андижон вилояти ташкил этилиши муносабати билан "ОСОАВИАХИМ"нинг вилоят, шаҳар ва туман кенгашлари тузилди. Ўшанда уларнинг ихтиёрида 4 дона велосипед бор эди, холос. Уруш арафасида "ОСОАВИАХИМ" га қарашли клублар ва ўқув пунктларида турли ҳарбий касб мутахассислари тайёрланиб, фронтга жўнатилган. Совет Иттифоқи Қаҳрамонлари Қўчқор Турдиев, Абдулазиз Йўлдошевлар ҳам шу мактабни ўтаганлар жумласидандир.

Вилоятимизнинг "ОСОАВИАХИМ"чилари ҳарбий госпиталларни оталиққа олишган, душман вақтинча ишғол қилган томонлардан кўчириб келтирилган оилаларни қабул қилиб олишда ва мудофаа фондига маблағ тўплашда ҳам фаол иштирок этганлар.

1948 йилда жамият учта мустақил жамият – "ДОСАРМИЯ", "ДОСАВИАЦИЯ", "ДОСФЛОТ"га бўлинди. Лекин мақсадлари бир бўлганлиги учун 1951 йилнинг август ойида улар яна ягона ташкилотга бирлаштирилиб, "Армия, авиация ва флотга кўмаклашувчи бутуниттифоқ кўнгиллилар жамияти" (ДОСААФ)га айлантирилди. У ўзининг асосий вазифаси – мамлакат мудофаа қудратини ошириш, спортнинг техник турларини ривожлантириш, ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, халқ хўжалигига техник мутахассислар тайёрлашдек вазифаларни бажарди.

Ўзбекистон мустақилликка эришгач, республика ДОСААФининг 1991 йил 23 ноябрда бўлиб ўтган VIII навбатдан ташқари қурултойида Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилоти ташкил этилди. Ташкилотнинг асосий фаолияти йўналиши республика мудофаасига кўмаклашиш, кенг халқ оммасини, айниқса, ёшларни меҳнатга ва Ватанни ҳимоя қилишга тайёрлашдир.

Бугун...

– Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилотининг нуфузи ҳам, моддий-техника базаси ҳам йилдан-йилга ортиб бормоқда, – деди вилоят кенгаши раиси Муҳиддин Сатқулов. - Ҳозирги кунда Андижонда 17 та туман (шаҳар) кенгашлари, 15 та ўқув-спорт техника клублари, 2 та автомобил мактаби ҳамда вилоят техник ва амалий спорт турлари маркази фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, 13 та ўқ отиш спорт мажмуаси, 2 та картадром, 1 та мототрасса ва 1 та кордадром сингари спорт объектлари мавжуд.

Меҳнат жамоаларида, ўқув муассасаларида, аҳоли тураржойларида ташкил этилган 20 дан зиёд бошланғич ташкилотлар ўз сафларига20 мингдан ортиқ аъзоларни бирлаштирган. Уларнинг фаолияти ёшларни меҳнатга, Ватанимизни ҳимоя қилишга тайёрлаш, сиёсий ва маънавий дунёқарашини ўстириш, халқимизнинг бой тарихи, шонли анъаналарига садоқат руҳида тарбиялаш, спортнинг техник ва амалий турларини ривожлантиришдан иборатдир.

Юртимизда жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш, аҳолининг барча қатламлари, айниқса, ёшларни жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишга жалб этиш, айниқса, вилоятларимизнинг чекка туман ва қишлоқ жойларда спортнинг техник ҳамда амалий турларини янада ривожлантириш мақсадида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада Президентимизнинг 2018 йил 18 декабрдаги "Ёшларни ватанпарварлик руҳида ва жисмоний тарбиялаш ҳамда чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш тартибининг такомиллаштириш бў-йича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори дастуриламал бўлмоқда.

МуваффаҚиятлар оз эмас...

Вилоятимизда спортнинг техник ва амалий турлари билан шуғулланаётганлар орасида уч нафар халқаро тоифадаги Ўзбекистон спорт устаси (судомодел, ўқ отиш, триатлон), яна шунча Ўзбекистон спорт устаси (судомодел, ўқ отиш), 58 нафар Ўзбекистон спорт устасига номзодлар (триатлон, ўқ отиш, мотоспорт, автоспорт, авиамодел, автомодел, ракетамодел ва судомодел), 1-тоифали (триатлон, ўқ отиш, мотоспорт, автоспорт, ёзги биатлон, модел спорт турларининг барчаси), шунингдек, 100 га яқин 2-3- ва оммавий тоифали спортчилар фаолият олиб боришмоқда. Улар эришаётган муваффақиятлар йилдан-йилга кўпайяпти. Айтиш жоизки, Осиё чемпиони Саидхон Сайфутдинов ҳамда 2016 йилги Олимпиада ўйинлари иштирокчиси Вадим Скороваровлар сафи янада кенгаймоқда. Мисол учун, жорий йилнинг октябрь ойида Тошкент шаҳрида ўқ отиш спорти бў-йича ўтказилган мамлакат чемпионатида вилоят терма жамоаси Ўзбекистон чемпиони мақомига эга бўлди. Бунда Маҳкамбой Шаробиддинов, Муҳаммадазиз Саидбоев, Дилафрўз Мамиржонова ваБеҳрузбек Абдумуталовларнинг ҳиссаси катта.

Вилоятимиз жамоалари спортнинг техник ва амалий турлари бў-йича республика миқёсида ўтказилган 32 та спорт мусобақаларида муносиб иштирок этганини таъкидлаш жоиз. Уларжами бўлиб 73 та совринли ўринларни эгаллашгани фахрлидир.

Рустамжон ЭШОНОВ.