Андижон 24

ВАТАНГА ВА КАСБГА САДОҚАТ


26.01.2019   1356

Президентимиз томонидан ўтган йили имзоланган «Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонга мувофиқ, 26 январь мамлакатимизда Давлат божхона хизмати ходимлари куни сифатида нишонланмоқда.

Тарихий маълумотларга кўра, айнан «тамғалаш» сўзи, кейинчалик рус тилида «тамжить»га айланиб, бугунги кунда қўлланилаётган «таможня» (“божхона”) атамасига асос бўлган.

Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш ва ўз ваколати доирасида унинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан муҳофаза этиладиган манфаатларини ҳимоя қилиш, божхона назорати ва расмийлаштирувини амалга ошириш, божхона соҳасига оид ҳуқуқбузарлик профилактикасини амалга ошириш, фуқароларнинг божхона соҳасидаги ҳуқуқий маданиятини ошириш, божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини назорат қилиш, қонун ҳужжатлари бузилишининг, шу жумладан контрабанданинг олдини олиш, уни аниқлаш ва уларга чек қўйиш каби юксак ва масъулиятли вазифани зиммаларига олган соҳа ходимлари касб байрамини муносиб тарзда қарши олишяпти.

2011 йилда Андижон вилоятида “Дўстлик” божхона комплекси замонавий типда қайта қурилди ва фойдаланишга топширилди. Чегара божхона постлари замонавий назорат техник воситалари ва информацион технологиялар билан таъминланди. Барча божхона постларининг ягона автоматлаштирилган ахборот тизимига бирлаштирилганлиги ахборот алмашинуви тезлигини ошириш ва он-лайн режимида товарлар ва транспорт воситалари устидан божхона назоратини ўрнатиш имконини берди.

Бугунги кунда барча чегара божхона масканларига “Янтарь” русумидаги портал мониторлар тизими ўрнатилган бўлиб, улар ягона тармоққа уланган. Бу эса ўз ўрнида хар бир холатга тезкор ва масалани малакали хал қилинишини таъминлаяпти.

Чегара ва ташқи иқтисодий фаолият (ТИФ) божхона постларида ҳафтанинг ҳар пайшанба кунлари “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни” деб белгиланганлиги муносабати билан постларда ва аҳоли яшаш пунктларида фуқаролар ва тадбиркорлар билан мунтазам равишда профилактик тадбирларўтказилмоқда.

Андижон вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш борасида 2018 йил давомида жами 1704 та тадбир ташкил этилди. Аниқланган ҳолатлар бўйича қонунбузарликларнинг олдини олиш ва уни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этиш тўғрисида хуқуқбузарларнинг яшаш ва иш жойларига 100 дан ортиқ тақдимнома киритилди.

2009 йилдан буён қарийб 10 йил давомида божхона бошқармаси томонидан жами 23505 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланган. Ушбу ҳолатлар юзасидан 43 млрд. 185 млн. 155 минг сўмлик товар моддий бойликлари далилий ашё тариқасида олиб қўйилди.

Вилоятимиз ҳудудида кечаю кундуз фаолият олиб бораётган божхона ходимларини касб байрам билан самимий муборакбод қилиб, уларнинг эл-юрт равнақи йўлидаги фидокорона ишларига омад, улкан ютуқлар, ўзларига мустаҳкам соғлик-саломатлик тилаб қоламиз.

Байрамингиз қутлуғ бўлсин, юртимизнинг мард, садоқатли ва жасур фарзандлари!

Auz.uz.” онлайн гуруҳи

БОЖХОНАЧИ ЎҒЛОН

Юрт равнақин юрагига жо қилган,

Эл тинчлигин тилагига жо қилган,

Куч-қувватин билагига жо қилган –

Божхоначи ўғлон –чин ватанпарвар,

Умрин йўлларини шараф-ла безар.

Ортида суянчи –муқаддас гўша,

Сарҳадларда ҳушёр, сергак ҳамиша,

Фидойилик тимсоли ўшадир, ўша –

Божхоначи ўғлон –чин ватанпарвар,

Умрин йўлларини шараф-ла безар.

Чақноқ кўзи қолишмайди бургутдан,

Учқурлигин сўранг олис булутдан,

Ғурурланмай бўларми шунқор йигитдан –

Божхоначи ўғлон –чин ватанпарвар,

Умрин йўлларини шараф-ла безар.

Кўркам либос кимлигидан далолат,

Нопок ишга қилолмайди ҳеч тоқат,

Бўлсин дейди ҳар бир ишда адолат –

Божхоначи ўғлон –чин ватанпарвар,

Умрин йўлларини шараф-ла безар.

Ҳалимжон ТОҲИРОВ