Андижон 24

ВАЪДА ВАЪДАЛИГИЧА ҚОЛМАЙДИМИ?


21.10.2019   7376

Маҳаллий кенгаш депутатларининг беш йиллик фаолияти таҳлил қилинганда, улар томонидан сезиларли ишлар амалга оширилаётгани, сайловчиларнинг ишончи ортганикўзга ташланади. Халқ вакиллари мурожаатлар асосида ҳудудлардаги мавжуд муаммоларнинг ечимини топишга алоҳида эътибор қаратмоқдалар.

Бироқ ҳамма жойда ҳам ишлар кўнгилдагидек, деб айтиш қийин. Амалдаги қонунчиликка зид равишда айрим мансабдор шахслар депутатлар томонидан кўтарилган муаммоларга панжа орасидан қараётгани бор гап. Бу ўз ўзидан қонунбузилишларга ва муаммонинг янада катталашишига олиб келяпти.

Шу ўринда мисолларга мурожаат қилайлик. Избоскан туманида Ўзбекистон “Адолат” СДПдан 1 нафар халқ депутатлари вилоят ва 2 нафар туман кенгаши депутати сайланган. Уларнинг фаоллигига гап йўқ. Айниқса, партиянинг сайловолди дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ва қонунчилигимизга киритилган ўзгартишларни жамоатчиликка етказиш доимий ишига айланган.Бироқ муаммолари ҳам йўқ эмас.

3-Чўнгбоғиш сайлов округидан халқ депутатлари Избоскан туман кенгаши депутати Донохон Ибрагимова сайлов ҳудудидаги ҳар бир муаммони ўз муаммоси деб билади. Уни қийнаётган 2 та масала бор. Бирлашган МФЙ Замон кўчасида яшовчилар ичимлик суви муаммоси бўйича 2018 йилда мурожаат қилганди. Депутат бу масалада масъул ташкилотларга чиқди. Қарангки, орадан бир йил ўтиб, амалдаги йил бошида трубалар ётқизилди.

Д.Ибрагимова энди сайловчилар олдида бир оз ишончни оқлагандай бўлди. Афсус бошланган иш ҳамон якунига етмаяпти. Фуқаролар ерда қулаб ётган трубаларда қачон сув келишини кутиб яшамоқдалар.

Ҳудди шу каби Зарбдор МФЙ Қўшчинор кўчасида яшовчиларнинг йўлларни асфалътлаш масаласида қилган доди ҳавога учмоқда. Депутат сўровига жавоб битта: дастурга киритилди. Бироқ қачон? Бу саволга туман Ободонлаштириш бошқармаси раҳбарлари аниқлик киритиши лозим.

Тумандаги 53-мактабгача таълим муассасаси 1972 йилда қурилган мослаштирилган бинода жойлашган. Бу ерда 90 нафар кичкинтойлар тарбияланади. МТМ биносининг таъмирталаблигидан ота-оналар норози. Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати Зухрахон Комилова бу борада бир неча бор масъул ташкилотларга мурожаат билан чиқди. Аммо натижа бўлмаяпти.

Туман мактабгача таълим бўлими раҳбари Назирахон Қобулова бу масалада берган саволимизга 2021 йилда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан реконструкция қилинади, дея қисқагина жавоб берди. Бунисига ҳам кўндик. Бироқ яна ваъда ваъдалигича қолмаса бўлди.

Хулоса қилиб айтганда, депутат сўрови бажарилиши шарт. Чунки унинг ортида халқ дарди ётади.

Акбаржон НАЗАРОВ.