Андижон 24

ВА НИҲОЯТ БОБУР ЗАМИНДА ҚОР ЁҒДИ


13.01.2020   1310

Жуфт рақамли йилимизнинг 13 январь, душанба тонгини ҳамюртларимиз ажиб завқу шавқбилан қарши олишди. Само қўйнидан эркаланиб ёғаётган қор зарралари нафақат табиат, балки кўнгиллар ғуборини ҳам ёзгандай гўё. Қадрдонларнинг кўча-кўйдаги суҳбати, телефон қўнғироқлари ҳам шунга ҳамоҳанг: “Ҳайрият, қор ёғяпти. Зумда ҳаммаёқ оққа бурканди. Илоё яхшиликка бўлсин”, “Чилла қори - ерга дори” дейишади. Яратган эгам деҳқончиликларимизга барака берсин”, “ Ажабмас, қор сабаб дардмандларнинг дарди енгиллашса”...

“Эшитдингларми, бу йил қор ёғмасмиш. Қиш қуруқ келармиш”, -дея “башорат” қилганлар, қорни умрида илк марта кўраётгандай, чор-атрофга ҳайратланиб, аниқроғи ишонқирамай қарашади.

... Кунда, куноша кўравериб кўникиб қолганим – мўъжаз хиёбон эртаклар оламини эслатади. Кўкка бирин-кетин талпинган арчалар бағридаги кумуш зарраларни кўз-кўз қилгандай бор виқори билан ўзига чорлайди. Фаввора ёнидаги анави мажнунтол табиатнинг кутилмаган инъомидан кейин янада ўйчан кўринади. Кокил новдалари ерга тўшалганмомиқ қорни оҳиста силаб қўяди. Куни кечагина шохлари қорайиб, тундлашиб турган бошқа дов-дарахтлар кумуш чопонларни эгниларига илишгач, баҳор соғинчиниунутгандай. Ҳар бири ўзгача тароватли, шукуҳли...

-Лайлак қор бўлганда мазза эди-да, -дейди ўткинчилардан бири осмонга термилганча.

-Бизга лайлаги эмас, шунақанги шакари ҳам бўлаверади, -дейди унга жавобан ёнидаги ҳамроҳи. – Худога шукр. Ёғмаса нима қилардик, а?

Шоиртабиат қадрдоним нонушта қилмаёқ қўлига қалам тутибди. Сиз ҳам бир ўқиб кўринг-а:

Андижонда қор ёғар,

Борлиққа чирой бериб.

Дов-дарахтлар ясаниб

Туришар кўкрак кериб.

Кумуш қишнинг зийнати

Ушбу тонг аён бўлди.

Шукуҳли ҳар лаҳзаси

Дилларда баён бўлди...