Андижон 24

ЎЗБЕКИСТОННИНГ ШАРҚИЙ ДАРВОЗАСИ


19.03.2019   2984

Қуёш Шарқдан кўтарилади. Ўлкамизда унинг заррин нурлари дастлаб Хонобод ва хонободликлар хонадонига кириб боради, зеро бу сўлим гўша Ўзбекистонимизнинг энг шарқий нуқтасида жойлашган. Бунда ҳам бир ҳикмат мужассам. Ибтидоси Андижон денгизи, деб ном олган улкан сув омбори қурилишига бориб тақалувчи мўъжаз шаҳар мисолида бугун вилоятимизда, мамлакатимизда кечаётган жараёнларни кузатиш мумкин.

Яқин қўшничилик муносабатларини тиклаш, экологик мусаффоликни таъминлаш, туризмни ривожлантириш, инвестицияларни жалб этиш, инновацион ёндашув, табдиркорликни қўлаб-қувватлаш, иш ўринларини яратиш борасидаги ҳаракатлар ўз самарасини бермоқда.

Президент ташаббуси билан

2018 йил 19-20 май кунлари вилоятимизга ташрифи давомида Президентимиз Хонобод шаҳрини яна ривожлантириш юзасидан фикр билдирар экан: “Хонобод яқин йилларда ҳам республикамизнинг энг гўзал масканларидан бири эди. Энди у ўзининг аввалги шуҳратини қайтариши лозим” деди.

Бугун бу фикрлар ўз амалий ифодасини топмоқда. Улкан қурилиш, ободонлаштириш, тажриба-синов майдонига айланган шаҳарда кун сайин ўзгаришлар қилинмоқда. Ўтган йилнинг июль ойида республика аҳамиятига эга бўлган “Хонобод” санаторийси ишга туширилди. 180 ўринга мўлжалланган сиҳатгоҳни барпо этиш учун 90 млрд сўм йўналтирилди. Дам олувчилар қаторида АҚШ, Россия, Ҳиндистон, Корея, Хитойфуқароларининг борлиги унинг нуфузи ҳақида тасаввур ҳосил қилади.

Асосий капиталга қўйилган реал инвестициялар (янги қурилиш, кенгайтириш, реконструкция, техник жиҳозлаш, лойиҳа-қидирув ишлари ва ҳоказо) ҳажми йил якуни билан 64,3 млрд.сўмни ташкил этиб, ўсиш суръати 193,4 фоизга етганининг ўзиёқ бунёдкорликнинг кўламидан далолат беради. Ўз кучи билан бажарилган пудрат ишлари ҳам салмоқли -
38,7 млрд. сўм ёки 116,2 фоизга ўсиш кузатилди.

Боғларга файз киритиб

Шаҳарнинг энг юқори нуқтаси – Хонтоғда янги чарҳпалак ўрнатилди, бир километрли канат йўли замонавийсига алмаштирилди. Умуман олганда мазкур Бобур номли истироҳат боғида 6,5 миллиард сўм эвазига йилига 500 минг киши хордиқ чиқариши учун турли кўнгилочар ва дам олиш объектлари қурилиши режалаштирилган. Буларни “Ўзпахтаёғ” акциядорлик жамияти амалга оширмоқда. “Ўзбекнефтгаз” Миллий холдинг компанияси эса Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғининг капитал реконструкцияси билан машғул. Боғда аттракционлар ҳам тўлалигича янгиланяпти. Чойхоналар ўзгача қиёфа, шакл-шамойил касб этмоқда. Янги замонавий кўринишдаги амфитеатр барпо этиш лойиҳаси ишлаб чиқилган.

Ўтган йилнинг апрель ойида фаолиятини бошлаган “Макро” савдо-кўнгилочар маркази хонободликлар ва шаҳар меҳмонларининг севимли дам олиш масканига айланиб улгурди. Юртбошимиз таклифига кўра вилоят ташкилотлари, шаҳар ва туманларига бўлиб берилган 200 гектарли майдонда дала-ҳовлилар, арчазор ва ёнғоқзорлар қад ростлади.

Ландшафт дизайни йўналишида яратилган ҳайкалтарошлик намуналарини тошга битилган асарлар, дейиш мумкин. Бу йўналишда Хонободни улуғлашга “Dolomit” МЧЖ раҳбари Омаджон Джонпўлатов киришган. 700 минг доллар инвестиция эвазига ташкил этилган корхонада энг замонавий дастгоғлар ёрдамида 100 дан ортиқ турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Травертин, мармар ва гранит асосидаги фавворалар, зинапоялар, айвончалар, нақшинкор безаклар яшил либосдаги ландшафтга уйғулашиб кетади.

Асосий йўналиш – туризм

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2018-2019 йилларда туризмсоҳасини ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида шаҳарда, шу жумладан, сув омбори ҳавзаси ҳудудида сиҳатгоҳ ва меҳмонхоналар қурилиши режалаштирилган.

Бу йўналишда “Мадалбеков”, “Андижон макро строй”, “Elegant innovation” масъулияти чекланган жамиятлари умумий 1,5 млрд сўм инвестиция эвазига меҳмонхона ва дам олиш масканларини ишга туширдилар. Қўшимчасига “Elegant innovation” МЧЖ экотуризмни тарғиб қилиш учун Хитойдан 100 дона велосипед олиб келиб, ижара асосида фойдаланиш имкониятини яратди.

Ҳозирда “Хонтоғ”,"Sherdor Shams Qamar" ва “Азия Мед сет Плит” МЧЖлар истиқболли лойиҳаларини ишлаб чиққанлар. Истиклол маҳалласи ҳудудидаги адирликдан 200 нафар фукарога дала-ховли ва сайёҳлар учун дам олиш коттежларини қуриш учун 10 гектар ажиратилди.

Яна бир тадбиркор – Эркиной Абжалилова ташаббуси билан ташкил қилинган “Ўтов” дам олиш маскани ўзбек-қирғиз дўстлиги рамзига айланиб улгурди. Қирғиз таомларидан тотиш, қимиз лаззатини туйиш истагидагилар етарлича топилади. Ўрни келганда айтиш жоизки, ўтган йилда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари сони 76 тага кўпайган ҳолда 351 тани ташкил қилди. Уларга 50,6 млрд. сўмдан зиёд кредит маблағлари ажратилган.

Истиқболли лойиҳалар

Қулай инфратузилма мавжудлиги боис Хонободга инвестиция олиб кириш истагидагилар кўпаймоқда. Жорий йилга мўлжалланган истиқболли лойиҳалар қаторида “QB-Coin” хорижий компаниясининг режаларини айтиб ўтиш жоиз. У электрон пуллар серверини ташкил қилишни таклиф этмоқда.

Маълумот учун: 2009 йилда Сатоши Накамото математик ҳисоб-китоблар натижасида ишлайдиган янги тўлов тизимини оммага тақдим этганда кашф этилган тўлов воситаси. Тўловларни амалга оширишда фойдаланиладиган пул бирлиги—биткоин дейилади. Биткоинлар маълумотлар базаси (сервер)даги қайдлар жамланмасидан иборат виртуал пуллардир.

- Лойиҳа қиймати 15 млн. АҚШ доллари. Икки гектар майдонда барпо этиш режалаштирилган серверларга 42 нафар ходим техник хизмат кўрсатади. Экспорт салоҳияти 10 млн доллар, - дейди шаҳар ҳокимининг ўринбосари Ихтиёр Тўхтабоев.

Яна бир истиқболли лойиҳани “Lu Yang Agroculture” корхонаси тақдим этган. У пиллачилик кластери, цитрус мевалари ва бодом боғларини ташкил этишга йўналтирилган. 127 гектар майдонда тут плантациясини ташкил қилиш, 130 гектарда бодомзор барпо этиш, 2 гектарда эса иссиқхона қуриш мўлжалланмоқда. Иссиқхонада халунга, июдзи, киви, гунцай каби цитрус мевалари етиштирилади. 9 млн. долларли лойиҳа йилига 15 млн. долларли экпорт қилиш имконини беради.

Бир миллион дарахт

Шаҳар ободонлаштириш бўлими бошлиғи Баҳодир Азимовнинг таъкидлашича 41 минг аҳоли истиқомат қилувчи Хонободда бир миллиондан зиёд дарахт бор. Кентнинг ноёбяшил “либоси”ни ташкил этувчи юзлаб кўчат турлари орасида япон беҳиси, кипарис, магнолия, сирень, сумах, қрим қайрағочи, тянь-шань арчаси, настарин, эман, оқ қайин кабилар бор.

Озодаликни сақлаш, писта чақиш ва сигарет тутатишга қарши курашишга катта эътибор берилади. Қувонарлиси бу ишга ёшлар ҳам ҳайриҳоҳ. Хусусан, 1-мактаб ўқувчилари ўз ташаббуси билан назорат тадбирлари ўтказиб турадилар. Фозилмон ота заёратгоҳидаги асрий чинорлар ҳам диққат-эътиборда. Шаҳарда олмахон, қуён учратиш одатий хол бўлиб бораётгани хонободликларнинг юксак маданий савиясидан далолат беради.

Наврўз айёмига тараддуд доирасида катта ҳажмда ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Ёритиш чироқлари ўрнатилди, йўл белгилари, панно ва безаклар янгиланди, асфальт ётқизилди, 100 дона скамейкалар, гултуваклар, чиқинди қутилари ўрнатилди. Бунга нафақат мутасадди ташкилотлар, балки шаҳар ҳокими Мусахон Мамадалиев бошчилигида барча аҳоли ҳисса қўшди.

Наврўз байрамини андижонликлар, вилоятимиз меҳмонлари айнан Хонободда нишонлашлари шаҳарнинг ортиб бораётган нуфузи, юксалаётган салоҳияти, эришаётган ютуқларидан дарак беради.

Айёмингиз қутлуғ бўлсин, юртдошлар!

«auz.uz» online group.