ЖАМИЯТ

ЎЗБЕКИСТОНДАГИ ТИЖОРАТ БАНКЛАРИ 500 ДАН ОРТИҚ ҚОИДАБУЗАРЛИККА ЙЎЛ ҚЎЙГАНИ АНИҚЛАНДИ


31.05.2022   1880

Назорат тадбирларида аниқланган қоидабузарликларга йўл қўйган 22 та банкка ижро этилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар юборилди.

Ўзбекистонда тижорат банклари томонидан истеъмолчилар билан ўзаро муносабатларда 500 дан ортиқ қоидабузарликка йўл қўйилгани аниқланди. Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати хабар берди.

Булар асосан, кредит ва омонат турлари тўлиқ ошкор қилинмаган ва уларнинг шартлари юзасидан батафсил ахборотлар, шунингдек, кредит ва муддатли омонатларнинг асосий шартлари тўғрисидаги ахборот варақалари тақдим этилмагани;

Банк карталари орқали тўловларни қабул қилиш ва банк карталаридаги маблағларни нақдлаштириб бериш рад этилганлиги ҳамда ушбу хизматларни кўрсатишда банк картасини тақдим этувчига картанинг PIN-кодини мустақил теришга имкон яратиб берилмагани ҳолатларини ташкил этади.

Назорат тадбирларида аниқланган қоидабузарликларга йўл қўйган 22 та банкка («Халқ банки», «Агробанк», «Микрокредитбанк», «Қишлоқ қурилиш банк», «Туронбанк», «Ипотека-банк», «Савдогарбанк», «Трастбанк», «Капиталбанк», «Миллий банк», «Алоқабанк», «Ўзсаноатқурилишбанк», «Ориент Финанс банк», «Ҳамкорбанк», «Асака банк», «Универсалбанк», «Инфинбанк», «Тенге банк», «Анорбанк», «Даврбанк», «Мадад Инвест банк» ва «Равнақ банк») банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқлари бузилишига олиб келувчи сабабларни бартараф этиш ҳамда бундай ҳолатлар келгусида такрорланмаслиги юзасидан чоралар кўрилиши тўғрисида ижро этилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар юборилди.

Шунингдек, қоидабузарликлар йўл қўйилишига сабабчи бўлган 195 нафар банк ходимларига нисбатан қонунчиликка мувофиқ интизомий жазо чоралари кўрилиб, шундан 145 нафар банк ходимларига нисбатан хайфсан, 48 нафар ходимларига нисбатан ойлик иш ҳақидан жарима ва 2 нафар ходимлар билан меҳнат шартномасини бекор қилиш чоралари қўлланилган.

Қайд этилишича, мурожаатлар ўрганилганда, банклар ва истеъмолчилар ўртасида низолар келиб чиқишига кредитлар тўғрисидаги дастлабки ахборотларнинг ўз вақтида тўғри ва тўлиқ тақдим этилмаслиги ҳам сабаб бўлаётганлигини кўрсатмоқда.

Мисол учун:

кредит қарздорлиги белгиланган муддатларда тўланмаганда, муддати ўтган кредитга нисбатан юқори (оширилган) фоиз ставкада фоизлар ҳисобланиши кўзда тутилганлиги ва натижада қарз олувчининг қарз миқдори ошиб кетиши;

қарз олувчилар томонидан кредитлар ўз вақтида сўндирилмаганда, ушбу кредит бўйича тўловлар кафил бўлган шахсларнинг ҳисобварақларидан ечиб олинаётганлиги каби ҳолатлардир.

Банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизмати истеъмолчилар банк хизматлари тўғрисидаги ахборотларни олишлари ва хизматдан фойдаланиш бўйича оқилона қарор қилишлари учун тижорат банкларини масъулиятли кредитлаш тамойилларига мувофиқ банк хизматларини тўлиқ ошкор қилишга ва уларнинг шартларини батафсил тушунтиришга чақирган.

Аввалроқ Марказий банк кредитларга кафил бўлган фуқароларни огоҳлантирганди. Шунингдек, регулятор фуқаролар «қора рўйхат»га тушгани учун кредит берилмаётгани тўғрисидаги мурожаатларга изоҳ берди.