Андижон 24

ЎЗБЕКИСТОН ВА ЯПОНИЯ ЭЛЕКТРОБУСЛАР ИШЛАБ ЧИҚАРИШ БЎЙИЧА МУЗОКАРА ОЛИБ БОРМОҚДА


08.10.2019   1890

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 7 октябрь куни хорижий мамлакатлар билан эришилган келишувлар ижроси, янги инвестициявий ва ижтимоий-иқтисодий лойиҳалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Йиғилишда мутасаддилар инвестиция ўзлаштирилиши бошланган лойиҳалар ижросининг бориши бўйича ҳисобот берди. Шунингдек, нефть-газ, кимё, энергетика, мева-сабзавотларни қайта ишлаш соҳаларидаги истиқболли лойиҳалар муҳокама қилинди.

Давлат раҳбари бу борадаги ишларнинг, қурилажак завод ва корхоналарнинг иқтисодий ва ижтимоий аҳамиятига эътибор қаратиб, уларни тез ва пухта амалга ошириш лозимлигини таъкидлади. Янги лойиҳалар бўйича музокараларни якунлаб, қурилиш ишларини бошлаш бўйича тегишли топшириқлар берди.

Жорий йил охирида Шавкат Мирзиёевнинг Японияга ташрифи режалаштирилган бўлиб, унга тайёргарлик доирасида Токио билан энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш соҳаларига доир келишувларга эришилган.

Кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқариш, япон технологиялари асосида электростанция қуриш, сув тозалаш ва сув таъминоти тизимини модернизация қилиш, шаҳар қатновига мўлжалланган электробуслар ишлаб чиқаришга оид лойиҳалар бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

Ушбу олий даражадаги ташрифга тайёргарлик ҳамда Япония билан савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик ҳолати бўйича маълумот берилди.

Йиғилишда жорий йил январь—сентябрь ойларида экспорт ва инвестиция прогноз кўрсаткичларининг ижроси ҳолати ҳамда йил якуни бўйича ушбу йўналишларда амалга оширилиши зарур бўлган чоралар ҳам кўриб чиқилди.

Шу билан бирга, айрим ташкилот ва ҳудудларда режалаштирилган прогноз бажарилмагани кўрсатиб ўтилди. Йил якунига қадар бу борадаги қолоқликни бартараф этиш, барча тармоқлар ва ҳудудлар бўйича экспорт прогнозини бажариш юзасидан топшириқлар берди.

Манба:daryo.uz