Андижон 24

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ АДЛИЯ ВАЗИРЛИГИ ҲУЗУРИДАГИ ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИ АГЕНТЛИГИ БАЁНОТИ


24.03.2020   1094

* Коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш учун юртимизда махсус комиссия ташкил этилди. Беморлар ёки касалликка шубҳа қилинган шахсларни ўз вақтида аниқлаш ва вирус тарқалишини олдини олишга қаратилган қарор қабул қилинди.

* Ҳукумат комиссиясининг ушбу ҳужжати билан бир қатор чекловлар ўрнатилиб, муайян чоралар кўрилмоқда. Хусусан, 2020 йил 23 мартдан бошлаб Тошкент шаҳридаги барча давлат ва нодавлат ташкилотлари ходимларини қонунчиликда белгиланган тартибда меҳнат таътилига чиқариш ҳамда имкони мавжуд бўлган фаолият турларини онлайн ёки дистанцион тарзда ташкил этилиши белгиланди.

* Аксарият фуқароларимиз учун давлат хизматларини анъанавий усулда олиш қулай эканлигини инобатга олган ҳолда, Давлат хизматлари марказлари ўз фаолиятини давом эттиради. Тўғри, ходимлар иш жойида шахсий ҳимоя воситалари билан хизмат кўрсатмоқда.

* Бироқ, Ҳукумат қарорига асосан, Марказлар ходимлари боғча ёшидаги фарзандларига қараш учун меҳнатга лаёқатсизлик (больничный) бўйича вақтинчалик таътилга чиқмоқдалар, бир қисми эса масофадан туриб ишлашга ўтди. Бу эса, ташриф буюрувчилар узоқ вақт кутиб қолишига олиб келиши мумкин.

* Ҳурматли фуқаролар!

* Марказларимиз орқали кўрсатиладиган деярли барча давлат хизматларини электрон тарзда my.gov.uz портали орқали олиш имконияти яратилган. Шу боис, кечиктириб бўлмайдиган зарурат бўлмаганда Давлат хизматлари марказларига ташриф буюрмасдан, хизматларни онлайн шаклда олишга чақириб қоламиз!

* Бунинг учун, электрон рақамли имзоингиз бўлса кифоя! Ўзингиз ва яқинларингизни асранг! Саломат бўлинг!

Давлат хизматлари агентлиги.