ЖАМИЯТ

Ўзбекистон- Германия ҳамкорлиги: АНДИЖОНДА «УРОЛОГИЯ ЎҚУВ МАРКАЗИ» ТАШКИЛ ЭТИЛДИ


16.01.2021   5558

Андижон Давлат тиббиёт институти клиникасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилоятга ташрифи давомида берилган топшириқлари ва кенгайтирилган тарзда ўтказилган мажлис баёнига асосан капитал таъмирлаш ишлари олиб борилди. Жараёнда урология бўлими ҳам таъмирланиб, эндоурологик операциялар учун замонавий ташрих заллари қурилди. Шунингдек, бўлимга 6 турдаги жами 8 миллиард 171,6 миллион сўмлик замонавий текширув ва операцион ускуналар билан жихозланди.

Шу сабабли клиникада мунтазам равишда ўзмалакасини Европанинг нуфузли клиникаларида ва Россия давлатида ошириб келаётган олий тоифали мутахассислар учун мураккаб урологик хасталикларга тўғри ташхис қўйиш ва ташхисга мос кам инвазив ташрихлар ўтказишга шароитлар яратилди.

2020 йилда простата бези аденомасини трансуретрал резекция (ТУРП) ташрихи 50 дан ортиқ беморларда, шунингдек, Ўрта Осиё минтақасига хос кўп учрайдиган буйрак ва сийдик йўллари тошларида барча турдаги кам инвазив ташрихлар, яъни 10 дан ортик перкутаннефролитотрипсия, 7 та перкутан нефролитоэкстракция, 15 га якин уретеролитотрипсия, 3 та цистолитоэкстракция ташрихлар махорат билан бажарилди.Шунингдек, буйрак-сийдик йўлларидаги тошларни хеч қандай ташрих ўтказмасдан ЭУВЛ аппарати ёрдамида майдалаш имконияти мавжуддир.

Шунингдек, ўтган йилнинг декабрь ойи давомида Германия давлатидаги машхур Койлинг университетининг урологик клиникаси докторанти Бобуржон Эргашев буккал пластика ташрихини Фарғона водийсидаги 10 дан зиёд беморларда ижобий натижага эришган холда бажарди.

2021 йилда Андижон Давлат тиббиёт институти ва Германиянинг GIZ Германия халкаро хамкорлик ташкилоти орасида тузилган шартнома асосида Германия-Ўзбекистон хамкорлигидаги “Урология ўқув маркази” ташкил этилди. Марказда ўқув жараёнига етакчи хорижий мутахассисларни жалб қилиш орқали махорат дарслари, тренинглар, семинарлар ташкил этиш, мастер-класслар ўтказиш ва эндоурология бўйича юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш кўзда тутилмокда.

Президентимиз 2021 йилни мамлакатимизда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб номлашни таклиф этди. Бу эса жамоамизга халқ саломатлигини сақлаш йўлидаги фаолиятимизда янада масъулият юклайди.

Баходир РАХМАНОВ,

Андижон давлат тиббиёт институти клиникаси бош шифокори