ЖАМИЯТ

«УЙИМИЗГА БОМБА ТУШИШИДАН ҲАР ЛАҲЗА ҚЎРҚИБ ЯШАРДИК...»


24.01.2021   4097

Тонгда хотиржам уйғониб, кейин ширингина ухлаб ётган болаларига разм солмоқдан ортиқ бахт йўқ она учун.

Кундалик ҳаёт тарзига айлангани учун ҳам айримлар бу бахтни қалбдан ҳис қилмайди ва, айтиш мумкинки, қадрига етмайди.

Турли баҳонаю сабабларни келтиришга шошилманг... Жўжабирдай жонларни судраб, уруш ўчоғига бориш олдида ҳар қандай маиший қийинчилик ҳеч нарса эмас.

Андижонлик Робиянинг ўз уйи, турмуш ўртоғи, тўрт фарзанди бор эди. Эр-хотин бирга ҳаракат қилса, оч қолишмасди. Ҳеч бўлмаса, оилада эркак ўзи иш излаб кетиши, болаларини мусофирликка, саргардонликка дучор қилмаслиги мумкин эди. Ахир катта ўғли 18 ёшга тўлган, отанинг ёнига кирса, ҳаммаси рисоладагидек бўлардику.

Афсуски, кунларнинг бирида бутун оила Россия давлатига йўл олди. Буни, балки, отанинг қатъиятсизлиги, онанинг ақл билан иш тута олмагани, сабрсизлиги билан изоҳласак, тўғрироқ бўлса керак.

Россияда ҳалол меҳнати билан даромад топаётган юртдошларимиз кўпчилик. Бироқ бу оиладагилар у ерда ҳам топганларига қаноат қилмади. Катта ўғил ота-онадан сўроқсиз бошқа давлатга кетиб қолди. У Сурияда туриб, ота-онасига қўнғироқ қилди. “Бу ерда ишласак, кўп пул беришар экан, сизлар ҳам келинглар”, деб ота-онасини ёнига чорлади. Улар эса қолган болалари билан шу бир оғиз гапга ишониб йўлга чиқди...

Аммо боришлари билан катта даромад ҳам, ариқда оқиб ётган ризқ ҳам йўқ эканини улар англади. Айниқса, хотини, ўғлининг гапига кириб, юртини тарк этган ота ҳаммадан ҳам кўпроқ эзилди. Бироқ, ортга қайтадан йўл қолмаган, тирикчиликнинг ягона манбаи қўлига қурол олиб, урушга кириш эканини билган ота ҳам, ўғил ҳам қўлига қурол олди.

Ора-сирада оиласи олдига келган ота бу уруш фақат хунрезлик эканини, дин шунчаки ниқоблигини айтар, оиласини олиб ортга қайтишга чора қидирарди. Отанинг мақсадини билиб қолишгач, уни ўлимга ҳукм қилишди. Катта икки ўғли ҳибсга олинди. Шу тариқа улар дом-дараксиз кетди.

Оилада бир ўғил, бир қизи билан қолган аёл деярли кўчага чиқмас, яшаб турган жойига бомба тушмаслигини дуо қилиш қўлидан келар эди, холос...

Бу адашган бир аёлнинг кечмиши. Қўлида чеварчиликдек ҳунари бўлган аёл ўзининг қаноатсизлиги орқасидан оиласини шу тариқа жарга қулатди...

– Ҳаётдан деярли умидимни узган эдим, – дейди у кўзига ёш олиб. – Уйимизга бомба келиб тушишидан ҳар лаҳза қўрқиб яшардик. Тушган жарлигимиздан энди чиқмасак керак, деб ўйлардим. Аммо Ўзбекистоннинг “Меҳр” операцияси ҳақида эшитиб, юрагимда умид пайдо бўлди... Ахир мени кўзлари тўрт бўлиб етти йилдан бери кутаётган, саксонга яқинлашиб қолган онам бор...

Ҳа, бу аёл ва унинг фарзандлари “Меҳр-3” операцияси доирасида яқин Шарқдаги уруш ўчоғидан юртимизга олиб келинган.

“Меҳр-3” гуманитар операцияси доирасида юртимизга олиб келинганларнинг 25 нафари аёл, 73 нафари бола бўлса, шундан 14 нафари чин етим ҳисобланади.

Давлатимиз инсонийлик нуқтаи назаридан ўз ҳимоясига олган бу аёллар ва болалар Сурияда антисанитар ҳолатда, очарчиликда, тиббий ёрдам ва бошқа хизматлар бўлмаган қийин шароитда ҳаёт кечирган.

Хабарингиз бор, “Меҳр-1” ва “Меҳр-2” гуманитар операциялари давомида 220 нафар аёллар ва болалар мамлакатимизга қайтарилган.

Ўз номи билан меҳрни, шафқатни, инсонийликни ўзида мужассам этган “Меҳр-3” операцияси туфайли 98 нафар юртдошимиз ўзлари илҳақ бўлган Ватан тупроғига қадам қўйди.

Улар жамиятимизнинг тўлақонли аъзолари бўлиши, келгусида юрт корига ярайдиган инсонлар бўлиши учун зарур шарт-шароитлар яратилмоқда.

Тошкент вилоятидаги санаторийлардан бирига жойлаштирилган аёллар ва болаларга тиббий, психологик ёрдам кўрсатилди.

Олиб келинган шахсларнинг барчасига фуқаролик паспортлари ва туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалар расмийлаштириб берилди.

Шу ўринда хулоса сифатида айтмоқчимизки, ҳар қандай моддий бойлик, эътиқод Ватандан, оиладан, фарзандлардан устун эмас. Айниқса, оилада фарзанд дунёга келдими, унинг камоли учун ота-она масъул. Уларни улғайтириш, тарбиялаш, ўз йўлини топишига кўмаклашиш фарз каби. Болаларини жаҳаннамга олиб бориб, ўлимига сабабчи бўлишнинг гуноҳи қанчалик эканини тасаввур қилишнинг ўзи қўрқинчли.

Ватанга, ота-онага хиёнат қилиб, уларни ташлаб кетиш эса асло инсонийликдан эмас!

Буларни ёзишдан мақсад – келганларга қарсак чалиш эмас, балки сабоқ олишни эслатишдир. Юқоридаги воқеаларни ўқиб, ён-атрофимизда содир бўлган бундай ҳолатлардан кейин кимнингдир кўзи очилар, балки.

Яна шуни умид қиламизки, келганлар кўрсатилган бағрикенгликнинг қадрига етиб, энди оиласи учун, юрт учун ҳалол яшаб, ҳалол меҳнат қилсин.

Норгул АБДУРАИМОВА.

Манба: ЎзА