Андижон 24

УНИВЕРСИТЕТДА НАВОИЙХОНЛИК ЎТКАЗИЛДИ


11.02.2019   1863

Андижон давлат университетида сўз мулкининг султони, улуғ мутафаккир, олим Алишер Навоий таваллудининг 578 йиллиги муносабати билан “Навоий абадияти” мавзусида адабий-бадиий кеча ўтказилди.

Уни очиб берган университет ректори, профессор А. Юлдашев Навоийнинг ўлмас мероси, шахсияти, илмий-адабий асарлари, абадият мулкига айланган асарларининг бугунги давримиз учун ҳам нечоғли аҳамиятли ва долзарблигини таъкидлади.

Шундан сўнг, ўзбек адабиётшунослиги кафедраси катта ўқитувчиси, филология фанлари бўйича фалсафа доктори Зокиржон Мамажонов томонидан тайёрланган буюк аждодимиз шахсияти ва илмий-ижодий мероси ҳақида мукаммал тафсилотларни қамраб олган видеоролик намойиш этилди.

Филология фанлари номзоди, доцент, шоир Ҳалим Карим томонидан тақдим этилган Алишер Навоий шахсияти ва илмий-адабий мероси тўғрисидаги янги факт ва маълумотлар анжуман қатнашчиларининг эътиборидан четда қолмади.

Педагогика факультети мусиқа ва уни ўқитиш, филология факултети ўзбек адабиётшунослиги кафедралари профессор-ўқитувчилари, талабалари ижросидаги турли қўшиқ, рақс, ғазал, рубоий, айтишув, саҳна кўринишлари кечага ўзгача кайфият бағишлади.

Адабий-бадиий кечани тайёрлаганликлари учун филология ҳамда педагогика факультети профессор-ўқитувчилари, талабалари университет раҳбарияти томонидан эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Нуриддин ХАЙДАРОВ,

Мадина ОЛИМЖОНОВА,

АДУ тарих факультети талабалари.