ЖАМИЯТ

ТЕКИН «МЕРСЕДЕС»ДАН ВОЗ КЕЧГАН ИНСОН


10.07.2021   2319

Тажрибали агроном-энтамолог Қўчқорбой Турдиалиев умрининг сўнгги кунларидаги суҳбатларимизнинг бирида "Қиёматга қолмасин, Машариф аканинг нақадар пок инсон эканлиги ҳақида ўзим билган бир воқеани айтиб берай", деб қолди...

Ғалла мустақиллиги энди юзага чиқаётган паллада вилоятимизда уруғчилик тизимини яратиш бў-йича кенг кўламдаги ишлар бошланган эди. Ўшанда вилоят ҳокими вазифасини вақтинча бажараётган Машариф Юсуповнинг зиммасида Германиядан олиб келинаётган замонавий технологияларни ишга туширишдек масъулият юки бор эдики, 8 та туманда олиб борилаётган қурилиш-монтаж ишларини назорат этиш катта куч ва вақт талаб этарди.

Ишчи гуруҳи таркибида Қўчқорбой Турдиалиев ҳам бўлиб, у уруғлик буғдой саралангандан сўнг зараркунандаларга қарши ишлов бериш билан боғлиқ технологик ускуналарни ўрнатиш, созлаш ва ишга тушириш масаласида жавобгар эди.

Шу боис Қўчқорбой Турдиалиев бир эмас, кўп бор Германияга хизмат сафарига бориб, мазкур давлатдаги корхоналарда тайёрланган технологик жиҳозларни Ўзбекистонга жўнатиш билан шуғулланарди. Энг сўнгги сафари чоғида ҳамкор компания раҳбариятибонус сифатида олий русумдаги "Мерседес" енгил машинаси Ўзбекистон томонга ҳадя этилишини маълум қилди. Яна бир таклиф бўлдики, автомашина нархи даражасида евро кўринишида исталган банкка пул маблағи ўтказиб берилиши айтилди...

Қўчқорбой Турдиалиевнинг айтишича, утаклифни эшитган заҳоти карахт ҳолатига тушган. Андижонга қайтгач тўғри вилоят ҳокимлигига бориб, Машариф Юсупов ҳузурига кириб ҳисобот бериш баробарида ҳамкорлар томонидан айтилган таклиф ҳақида ҳам сўз очган.

Бу таклифни эшитган Машариф ака ўрнидан туриб, деразани очар экан, узоқ муддат ўйга толган. Анчадан сўнг Қўчқорбой Турдиалиевга юзланиб, бонусга эҳтиёжи йўқлигини айтган ҳолда ўзгача таклиф берган. Яъни, ғалла уруғчилиги билан бевосита боғлиқ бўлган лаборатория ёки бошқа жиҳозлар олиш масаласини айтган. Қўчқорбой Турдиалиев бу таклифни вилоятимизда фаолият кўрсатаётган компания вакилига етказган. Орадан ҳафта ўтиб ҳали Ўзбекистонда мавжуд бўлмаган жаҳон андозасидаги лаборатория "Андижондон" корхонасида ҳозир бўлди...

Ишончимиз комилки, Машариф аканинг ўрнида бошқа раҳбар бўлганида эди, "Мерседес"га эга чиққан ёки бир даста еврони "қора кунга" деб хорижий банклардан бирига жойлаштирган бўлар эди. Таклифни биринчи бўлиб эшитган Қўчқорвой Турдиалиев ҳам нафсига бир уриб, қимматбаҳо машинадан воз кечганлиги унинг нақадар мард ва ҳалоллигидан далолат, албатта.

Машариф Юсупов таваллудининг 70 йиллиги арафасида унинг хонадонида бир пиёла чой устида узоқ вақт суҳбат қурганмиз. Сафимизни тарк этган, хизмати билан элга танилган бир қатор инсонларни ёдга олдик. Жумладан, Қўч-қорбой Турдиалиев фаолияти билан боғлиқ хотиралар ҳақида ўртоқлашдик. Бироқ юқорида немислар томонидан бонус ҳақидаги таклиф ва унинг натижаси ҳақида ҳар иккимиз ҳам сўз очмадик. 3-4 кундан сўнг Машариф Юсуповнинг юбилейи шу қадар завқли, шавқли ўтдики, бамисоли фахрийлар учрашувига айланиб кетди.

Мен ҳаётимда нималарга эришган бўлсам бунда барчангизнинг ҳиссангиз бор, - деди юбиляр қувончини яшира олмай. - Бунинг учун ҳамиша таъзимдаман.

Бу қисқа ва лўнда эътироф замирида Машариф Юсуповнинг одамийлик фалсафаси ярақлаб турибди. Суҳбатларнинг бирида раҳбарлик лавозимида узоқ йиллар фаолият кўрсатган Анвар Абдуллаевга алоҳида меҳр билан тўхталган эди.

Анвар ака қўлида қайта тарбияландим, деганди Машариф Юсупов.

Аввало устозимнинг муомала одоби кўзимни очди. Ундан китобга меҳр билан қараш ва ўқиш сирларини ўргандим. Анвар ака ташқарига чиқса, албатта хонасига бир қучоқ китоб билан қайтарди. Бир неча кун хонада қолдирар, мени китоб варақлашимни зимдан кузатарди. Анча кундан сўнг эса китоб ўқиган ёки ўқимаганлигимни ўзгача тарзда билиб оларди. Яъни, китоб қаҳрамонлари ҳақида баҳс бошланарди.

Дарҳақиқат Машариф ака ҳар қандай даврада гапни олиб қочишдан узоқроқда бўлганлигига гувоҳмиз. Билимли инсон оз ва соз сўзлайди. Масала моҳиятини хаёлида пишитади ва сўнгра тилига чиқаради. Айниқса, ижодкор зиёлилар билан ўзгача тарзда суҳбат қурар ва шу баробарида уларнинг муаммолари ечими ҳал бўларди.

75 ёшини нишонлашга саноқли кунлар қолганда Машариф Юсупов ёруғ жаҳонни тарк этди. Ўзгалар қалбидан шу қадар чуқур жой олган Машарифаканинг таъзиясига келган ва келаётганларнинг сон-саноғи йўқ десак тарифни ошириб юбормаган бўламиз.Мисқоллаб йиғилган бу ҳурмат ва эҳтиром ортида Машариф Юсуповнинг нақадар самимий инсон эканлиги, амалдор сифатида унинг ҳузурида бўлган инсонларнинг розилиги, катталарга ҳурмат, кичикларга эса иззатда бўлиш каби одамийлик фазилатлари намоён бўлиб турибди. Устознинг номи узоқ йиллар уни билганлар ва маънавий мадад олган инсонлар қалбида мангу яшайверади.

Қобилжон АСҚАРОВ.