Андижон 24

ТАКРОРИЙ ЖИНОЯТ – ОҒИР АСОРАТ


16.05.2018   1466

Жиноятчиликни олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқий билимларини ошириб бориш бугунги кунда энг муҳим вазифалардан бири бўлиб қолмоқда. Айниқса, муқаддам судланиб, кейинчалик ўз қилмишидан тўғри хулоса чиқармасдан яна жиноят содир этаётган шахсларнинг борлиги ачинарлидир. Қайтадан жиноятга қўл уриш жазо чораларининг оғирлашишига олиб келиши ҳеч ким учун янгилик эмас.

Жиноят ишлари бўйича Андижон тумани суди томонидан жорий йилнинг тўрт ойи давомида жазони ўташ даврида жиноят содир этган 5 нафар шахсга нисбатан адолатли ҳукм ўқилди. Бу ўтган йилга нисбатан 12 тага камайган. Бу каби ҳолатларнинг мавжудлиги жиноятга мойил шахслар билан кўпроқ ишлашимизни тақозо этади.

Таҳлилларга кўра, жиноятларнинг 4 таси гуруҳ иштирокида ўзаро олдиндан тил бириктириб содир этилган. Улар ўғирлик, пора беришга далолат қилиш, фирибгарлик, қасддан баданга тан жароҳати етказишдан иборат бўлиб, фуқароларнинг манфаатларига зарар етказилган.

Келгусида бу каби ҳолатларнинг олдини олиш учун маҳкумлар ўртасида ҳуқуқий тарғибот ишларини етарли даражада олиб бориш, жиноят содир этилишига сабаб бўлган омилларни аниқлаб, уларни бартараф этиш зарур.

Носиржон Расулов,

жиноят ишлари бўйича

Андижон тумани суди раиси.