АТРОФГА НАЗАР

ТАҲЛИЛ КЎЗГУСИ: СУДЛАРДА ҚАЙ ТУРДАГИ НИЗОЛАР КЎПАЙМОҚДА?


30.03.2024   2611

Кейинги йилларда юртдошларимизнинг судларга мурожаатлари сони ортаётгани, хусусан, фуқаролик муносабатларига дахлдор низолар кўпайиб бораётганлиги сир эмас. Мисол учун, фуқаролик ишлари бўйича Қўрғонтепа туманлараро суди томонидан 2023 йил давомида жами 2 минг 179 та фуқаролик ишлари кўриб тамомланган. Бу 2022 йилга нисбатан низолар сони 1 минг 893 та камайди дегани. Шунга қарамай, айрим тоифадаги ишлар борки, уларнинг кўрсаткичлари аввалги йилга нисбатан ортиб кетган.

Аммо судларда кўрилиб чиқилаётган ишлар таҳлил қилинганда, кишининг дилини хира қиладиган жиҳатлар ҳам йўқ эмаслиги яққол кўзга ташланади.

Хусусан, ўтган йилда 2022 йилга нисбатан никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлар 108 тага ортиб 558 тани ташкил этган бўлса, худди шу каби ўзбошимчалик билан қурилган уй-жой ёки қурилмани бузиш ҳақидаги ишлар 10 тага кўпайиб, умумий сони 62 тага етган. Бундан ташқари, мулкни ноқонуний эгаликдан қайтариб олиш ҳақидаги ишлар 2 тага, иш ҳақини ундиришга оид ишлар 2 тага, ота-она таъминоти учун алимент ундириш ҳақидаги ишлар 4 тага ортган.

Статистикага кўра, никоҳдан ажратилган, қаноатлантирилган ишлар сони 2022 йил давомида 189 тани ташкил этган эди. 2023 йилда бу рақамлар 291 тага етган. Яъни 102тагаортган.

Никоҳдан ажратилган ишлар таҳлили шуни кўрсатадики, оилаларнинг ажралишига оилавий келишмовчиликлар, келиннинг оиладаги иштирокига бошқа шахсларнинг ортиқча аралашуви, эр-хотиннинг ўзаро характерлари бир-бирига тўғри келмаганлиги каби омиллар сабаббўлган.

Жамиятнинг энг оғриқли нуқталаридан бири ҳисобланган ажралишлар хусусида сўз борганда, эътибор қаратиш керак бўлган муҳим масала бор. Кузатувларимизга кўра, бугунги кунда судларда кўрилаётган - оилавий келишмовчиликлар ортидан юзага келган низоларнинг аксарияти асосан никоҳдан ажратиш билан боғлиқ даъволар оқибатида келиб чиқмоқда.

Дейлик, бир оила муайян сабаб билан ажрашишга қарор қилди. Суд даъвони қаноатлантирди. Аксарият ҳолларда ўртадаги келишмовчиликка шу билангина нуқта қўйилмайдики, никоҳнинг бекор қилиниши келгусида алимент ундириш, уй-жой ёки эр-хотинлик даврида орттирилган мол-мулкдан улуш ажратиш билан боғлиқ низоларга доялик қилади. Жойларда ўтказилаётган сайёр қабулларда ҳам мурожаатларнинг асосий қисмини уй-жой, алимент, никоҳдан ажратиш, мол-мулк даъволари ташкил этганлиги ҳам юқоридаги фикр исботи. Бир сўз билан айтганда, бир оиланинг пароканда бўлиши келажакда етти хил низонинг келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин.

Тўғри, ҳар қандай низо судда қонуний ечимини топади, албатта. Аммо фарзандлар масаласи-чи? Чунки оилавий ажралишлар энг аввало, болалар руҳиятига, тарбиясига жиддий салбий таъсир кўрсатади.

Шундан келиб чиқиб, фуқаролик ишлари бўйича судларда фаолият кўрсатаётган судьяларнинг фикрию зикри ҳамиша дарз кетиш арафасида турган оилаларни яраштиришга қаратилмоқда. Зотан, бу масала миллат маънавияти, жамият ривожи билан чамбарчас боғлиқдир.

Рақамлар тилида айтадиган бўлсак, бевосита фуқаролик ишлари бўйича Қўрғонтепа туманлараро суди томонидан 2023 йилда никоҳдан ажратиш учун даъво ариза билан мурожаат этган 11 та оила яраштирилган. Агар ана шу ҳар бир оиланинг ўртача 1 нафардан фарзанди бор деб ҳисобланган ҳам, бу энг камида 11 нафар ўғил-қиз оиласи бағрига қайтарилганлигини англатади. Ҳар бир боланинг ота-онасининг меҳрига тўйиб улғайиши эса жамият учун ғоят муҳимдир.

Рустамжон Султонов,

фуқаролик ишлари бўйича

Қўрғонтепа туманлараро суди раиси