ЖАМИЯТ

«СУЮЛТИРИЛГАН ГАЗ БИЗНИНГ МАҲАЛЛАГА БИР ОЙДА БИР КЕЛАДИ…»


10.04.2020   3363

Избоскан туманидаги “Янги Бўстонобод” МФЙ қўшни Қирғизистон Республикаси билан чегарадош ҳудудларда жойлашган. Ушбу МФЙ ўрамида 627 та хонадонда 3500 дан ортиқ фуқароларимиз истиқомат қилиб келмоқда. “Избоскантумангаз” филиали таклифига кўра, “Янги Бўстонобод” МФЙга ташриф буюрган “Ҳудудгаз Андижон” МЧЖ матбуот хизмати суюлтирилган газ тарқатишда бирга иштирок этди.

“- Маҳалламиз туман ва вилоятимизнинг чекка ҳудудлардан бири бўлишига қармасдан, суюлтирилган газ ўз вақтида етказиб берилмоқда. Белгиланган графигимиз бор. Ҳар ойнинг 10-санасида бизни МФЙ ўрамидаги истеъмолчиларга “Избоскантумангаз” филиали ходимлари “айланма” усул бўйича аҳоли маиший газ баллонларини алмаштириб кетмоқдалар”- дея маълумот берди МФЙ раиси Ихволжон Қирғизов.

Филиал томонидан маҳалла аҳлига 800 дона маиший газ баллонлари ижара шартнома асосида тарқатилган. Аҳолининг маиший газ баллон билан таъминланганлик даражаси 128%ни, истеъмочиларга суюлтирилган газ етказиб беришнинг ўртача даврийлиги эса 28-30 кунни ташкил этмоқда.

“Шукр, газларни ўз вақтида етказиб беришяпти. Авваллари 40-45 кунда келарди, ҳозир бир ойга ҳам бормаяпти,- дейди “Қумариқ” кўчасида истиқомат қилувчи истеъмолчилардан бири Барчиной ая Эркаева. – Карантин даврида ҳаммамиз уйдамиз. Ҳозир кунда икки-уч маҳал қозон қайнатамиз, чой қўямиз. Газ идораси ходимларига раҳмат. Баллонимиздаги газ тугагунга қадар етказиб келишяпти ва ўрнида бошқа газ тўла баллонга алмаштириб беришяпти. Барака топишсин”.

Ушбу маҳаллага суюлтирилган газ Камаз 4х4 (Вездеход) русумли махсус автотранспортда ташиб келтирилар экан. Чилангарлар ва ҳайдовчиларда тиббий қўлқоп ва ниқоблар. Ҳар бир маиший газ баллони истеъмолчиларга назорат тарозиларидан ўтказиб берилмоқда. Маиший газ баллонларида “Биз сиз учун ишга чиқдик, сиз биз учун уйда қолинг” тарғибот шиорлари ёпиштирилган. Филиал ходимлари томонидан ҳар бир хонадонга газ баллонлари олиб кириб бериляпти. Суюлтирилган газ баллон тарқатиш баробарида аҳолига филиал томонидан тиббий ниқоб, қўлқоп ва нам салфеткалар тарқатилмоқда. Маҳалла аҳлининг ҳар бири ўз хонадонлари олдига бўшаган маиший газ баллонларини ҳам қўйиб қўйишипти. Демакки, маҳаллада хонадонма-хонадон суюлтирилган газ тарқатиш тартиби аллақачон йўлга қўйилган.

“Избоскан туманида 40 мингта суюлтирилган газ истеъмолчиларимиз бор”, - дея суҳбатга қўшилди филиалнинг суюлтирилган газ етказиб бериш етакчи муҳандиси Отабек Тожибоев. – “Айланма” усул билан ишлаётганлигимиз учун ҳар куни ҳар бир автотранспорт ва маиший газ баллонларини дезинфекция қилиб, кейин аҳолига тарқатаяпмиз. Мақсад битта, аҳолини ўз вақтида суюқ газ билан таъминлаш ҳамда карантин тартиб-қоидалари тўла амал қилиш”.

Избоскан туманидаги 40 минг истеъмолчида 45 613 та маиший газ баллонлари мавжуд. Шундан 37 837 донаси ижара шартнома асосида таъминотчи томонидан тарқатилган. Жорий йилнинг 1-чорагида аҳолига 820 тоннадан зиёд суюлтирилган газ етказиб берилди. Истеъмолчиларни ўз вақтида газ билан таъминлашда Жамиятнинг “Избоскантумангаз” филиали ходимлари фидоийлик билан меҳнат қилмоқдалар.

“Ҳудудгаз Андижон” МЧЖ матбуот хизмати.