ЖАМИЯТ

СУҒУРТА ХИЗМАТЛАРИНИ КЎРСАТУВЧИ АЙРИМ КОМПАНИЯЛАР ЛИЦЕНЗИЯСИ ТЎХТАТИЛДИ


03.06.2022   1242

“Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 32-моддасига асосан лицензия талаблари ва шартлари бузилиши аниқланганлиги сабабли айрим компаниялар лицензияси тўхтатилди.

“SEMURG SUG‘URTA” АЖ ҚКнинг 2022 йил 25 февралдаги SF 00039-сонли, “ISHONCH SUG‘URTA KOMPANIYASI” АЖ ҚКнинг 2022 йил 25 февралдаги SF 00045-сонли, “KAFOLAT sug‘urta kompaniyasi” АЖнинг 2017 йил 11 декабрдаги SF 00222-сонли ҳамда “XALQ SUG‘URTA” АЖнинг 2022 йил 25 февралдаги SF 00054-сонли лицензияларининг амал қилиш муддати 2022 йил 03 июнь санасидан бошлаб ўн кун муддатга тўхтатилди.

Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги ахборот хизмати хабарига кўра, бу давр мобайнида суғурталовчига янги суғурта (қайта суғурта) шартномаларини тузиш, шу жумладан амалдаги суғурта (қайта суғурта) шартномаларини узайтириш тақиқланади. Илгари тузилган суғурта (қайта суғурта) шартномалари бўйича эса ўз зиммасига олган мажбуриятларини белгиланган тартибда бажариши шарт.

Суғурта ташкилотлари томонидан улар фаолиятидаги қонунчилик талабларининг бузилиши ҳолатлари бартараф этилганлигини асословчи ҳужжатлар ушбу муддат ичида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожлантириш агентлигига тақдим этилиши лозим.

Акс ҳолда, ушбу суғурта ташкилотларига нисбатан суғурта фаолиятини амалга ошириш учун лицензияларининг амал қилишини қонунчиликда белгиланган тартибда ўн кундан ортиқ, лекин олти ойдан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиш чоралари кўрилади.