ЖАМИЯТ

Судья терговчилар билан учрашди: НИМАЛАР МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ?


13.07.2021   930

Андижон вилояти суди судьялари томонидан ички ишлар тизимида фаолият кўрсатаётган терговчилар учун дастлабки тергов жараёнида кўзга ташланаётган камчиликлар юзасидан семинар ташкил этилди.

Унда вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Носиржон Расулов ҳамда жиноят ишлари бўйича Марҳамат тумани суди раиси Абдурашид Исақов жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида тергов ва суриштирув органи томонидан йўл қўйилган хато ва камчиликларни муҳокама қилдилар.

Қайд этилишича, зикр этилаётган муддат оралиғида вилоят ҳамда туман ва шаҳар судлари томонидан кўриб тамомланган ишлар доирасида 179 шахсга нисбатан 113 та иш бўйича модда тўлиқ айбловдан чиқарилган бўлса, 116 шахсга нисбатан 71 та иш юзасидан модданинг қисми ёки банди олиб ташланган. Шунингдек, 107 нафар шахсга нисбатан 84 та иш бўйича бошқа моддага малакаланиб, 255 шахсга нисбатан 180 та иш бўйича эса бошқа қисмга ёки бандга ўзгартириб ҳукм ўқилган.

Дастлабки тергов ўтказишда йўл қўйилган камчиликлар юзасидан 67 маротаба хусусий ажрим чиқарилган.

Судьялар тилга олган рақамлар таҳлилидан аён бўлиб турибдики, тергов жараёнида айни хато-камчиликларга йўл қўймаслик учун мутахассислар мунтазам ўқиб-изланишлари, “дело”нинг сифати учун ишга янада жиддийроқ ёндашишлари тақозо этилади.

Мулоқот жараёнида судьялар мавзуга доир камчиликларни бир қатор аниқ мисоллар асосида муҳокама қилиб, терговчиларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб бердилар.