ЖАМИЯТ

СУД МАЖЛИСЛАРИДА АХБОРОТ-КОММУНИКАЦИЯ ТЕХНОЛОГИЯЛАРИДАН ҚАЙ ДАРАЖАДА ФОЙДАЛАНИЛМОҚДА?


17.07.2021   4355

Андижон вилояти судларининг жорий йил биринчи ярим йиллик фаолиятига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди. Унда соҳада олиб борилаётган ишлар юзасидан оммавий ахборот воситалари вакилларига атрофлича маълумот берилди.

Вилоят суди раиси Талъатжон Мелибоевнинг қайд этишича, судларга келаётган фуқароларга қулайликлар яратиш мақсадида суд бинолари замонавий моддий техник воситалар билан босқичма-босқич таъминлаб борилмоқда.

Жумладан, яқинда Жалақудуқ туманида суд биноси янгитдан, жаҳон стандартларига мос равишда қуриб фойдаланишга топширилди. Вилоят суди ҳамда 14 та туман-шаҳар судларининг суд мажлис заллари капитал таъмирланиб, суд мажлисларини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш учун керакли имкониятлар яратилди. Айни пайтда 7 та туман судининг суд мажлис заллари капитал таъмирланиб, замонавий моддий техник жиҳозлар ўрнатилмоқда, шунинг баробарида, йил охирига қадар судларга ушбу имкониятлардан фойдаланиш учун барча шароитлар яратиб берилиши режалаштирилган.

Шунингдек, суд мажлисларини онлайн кузатиб бориш ҳамда аудио ва видео шаклида ёзиб олиш учун ҳам имкониятлар яратилиб, тест режимида ишлар кўриб чиқилмоқда.

Таъкидланишича, ишларни кўришни янада соддалаштириш ва фуқароларга қулайликлар яратиш ҳамда ИИБ инспекторларининг вақтлари беҳуда сарфланишининг олдини олиш мақсадида вилоят ички ишлар бошқармаси билан интеграция қилинган интернет тармоғи орқали маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларни масофадан туриб, “TE Desktop” электрон дастури орқали онлайн тарзида кўриб чиқиш йўлга қўйилган. Ҳозирги кунда жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар, Андижон, Булоқбоши ва Марҳамат туман судлари томонидан ушбу тоифадаги ишлар масофавий тарзда кўриб чиқилмоқда. Яқин келажакда маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларни барча судларда масофавий тарзда кўриш амалиёти йўлга қўйилади.

Матбуот анжуманида жиноят ишлари бўйича, фуқаролик ишлари бўйича, иқтисодий ҳамда маъмурий судлов ҳайъатлари раислари айни йўналишларда кўрилган ишлар юзасидан муҳим рақамларни тақдим этдилар. Журналистларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб берилди.