ЖАМИЯТ

Сохта йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари қўлгa тушди


17.04.2018   2195

Мамлакатимизда фирибгарлик жиноятини фош этиш, тергов қилиш, бу турдаги жиноятларнинг олдини олиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Аҳоли орасида ҳуқуқий маданият тарғиботини кучайтириш, жамиятни бефарқлик ва лоқайдлик каби иллатлардан халос этиш борасида изчил ишлар қилинаётган бўлса-да, айрим ҳудудларда фирибгарлик билан боғлиқ жиноятлар содир этилмоқда. Айниқса, давлат хизматчиларининг махсус кийимини кийиб, ундан шахсий манфаати йўлида фойдаланиш қонунга хилофдир.

Тошкент вилояти ички ишлар бошқармасига Оҳангарон тумани ҳудудидан ўтган А-373 М-39 “Гулистон – Бўка – Ангрен – Қўқон – Андижон – Ўш” автомобиль йўлида ички ишлар органлари хизмати кийимида шубҳали йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари фаолият олиб бораётгани ҳақида хабар келиб тушади.

Ушбу ҳолат юзасидан вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тадбирда А-373 М-39 “Гулистон – Бўка – Ангрен – Қўқон – Андижон – Ўш” автомобиль йўлининг 124-километрида, йўл четида “Nexia” русумли автомашина олд ўриндиғида ички ишлар органлари хизмати кийимида бўлган шахсдан ўзини таништириш сўралганида, қонуний талабларни бажармасдан уларга қаршилик кўрсатади. Фуқаролик кийимида бўлган шериги эса, автомашинани катта тезликда Оҳангарон шаҳри йўналишида бошқариб, воқеа жойидан қочиб кетади.

Ички ишлар ходимларининг саъй-ҳаракатлари билан автомашина тўхтатилиб, текширилганда, ҳайдовчи (исм-фамилиялар ўзгартирилган) Ангрен шаҳрида яшовчи З.Жалолов машинани тегишли ҳужжатларсиз, маст ҳолатда бошқаргани, шериги “сохта йўл ҳаракати хавфсизлиги ходими” Оҳангарон туманида яшовчи Б.Икромов экани аниқланди.

Суриштирув давомида ушбу шахслар илгари ички ишлар органларида бир муддат хизмат қилгани, ўзларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари билан хизматдан бўшатилгани, шундан кейин ҳам ички ишлар органлари ходими либосини кийиб, содир этган жиноий қилмишлари учун судлангани аниқланди. Бироқ улар бундан тўғри хулоса чиқармаган кўринади.

Мазкур ҳолат юзасидан айбланувчилар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноий жавобгарликка тортилди. Ички ишлар органлари ходимларининг либос ва асбоблари ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

Абдулазиз Мусаев,

ЎзА сайтидан олинди.