Андижон 24

СОҒЛОМ ЭЪТИҚОДГА ТАҲДИД


02.06.2018   2046

“Барчамизга аён бўлиш керакки, қаердаки бепарволик ва лоқайдлик ҳукм сурса, энг долзарб масалалар ўзибўларчиликка ташлаб қўйилса, ўша ерда маънавият энг ожиз ва заиф нуқтага айланади. Ва аксинча қаерда ҳушёрлик ва жонкуярлик, юксак ақл-идрок ва тафаккур ҳукмрон булса, уша ерда маънавият қудратли кучга айланади”. И. Каримов

Виртуал олам кенг имкониятлар бераётган хозирги даврда, Интернет - дунё “ўргимчак тури”дан тарқатилаётган ғаразли маълумотлар, турли бузғунчи ғоялар, одоб-ахлоқни емирувчи манфур иллатлар ҳар бир онгли кишини ташвишга солиши аниқ.

Асосий муаммо Интернетдан ким қандай мақсадда фойдаланишида. Хозирги кунда юртимизда барча ёшлар, шу жумладан, армия сафларида хизмат қилаётганлар учун ҳам глобал ахборот тармоғидан фойдаланиш учун кенг имкониятлар яратилиб берилган. Бунинг ёрқин мисоли сифатида, хозирги кунда Интернетдаги “Facebook”, “Одноклассники”, “WhatsApp”, “Twiter”, “Telegramm”, “Instagram”, “В контакте”, “Мой мир” каби бир қатор ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш ёшлар, шу жумладан ҳарбий хизматчилар учун ҳам одатий бир ҳолга айланиб қолди.

Шунингдек, турли куринишдаги ахборотлар тез ёйилишида оммавий ахборот воситаларининг ўрни ҳам каттадир. Чунки, ОАВ қамров даражаси, бошқача айтганда, махаллий, умуммиллий, минтақавий ёки халқаро (глобал) миқёсда фаолият кўрсатиши ҳам унинг таъсир доирасини кўрсатувчи омиллардан бири ҳисобланади.

1980 йилда тузилган CNN (The Cable News Network) компанияси бугунги кунда 24 соат давомида ахборот узатиш билан шуғулланади. Ҳозирда CNN таркибида янгилик тарқатиш билан шуғулланадиган 14 кабель ва спутник каналлари, 2 та радиостанция, 6 та интернет сайти ва хорижий мамлакатларда 37 та бюроси фаолият кўрсатмокда. CNN янгиликлари 38 та космик йўлдош сигналлари ёрдамида узатилади, уни 212 мамлакат ва ҳудуддаги 1,5 миллиард одам бир вақтнинг ўзида куриш имконига эга.

1991 йилнинг январида айнан CNN ёрдамида Форс курфазида олиб борилган ҳарбий харакатлар тўғридан-тўғри телеэфирга олиб берилди. 2001 йилнинг 11 сентябридаги террорчилик амалиёти хақидаги телесюжетлар хам шу компания харакати туфайли бутун дунёга воқеа содир этилган жойдан тўғридан-тўғри узатиб турилди.

Би-би-си эшиттиришлар корпорациясига (British Broadcasting Corporation, ВВС) эса 20 дан ортиқ телеканал ва 14 та радиоканал, бир қатор сайтлар ва 40 га яқин журналлар тегишлидир. ВВС 40 дан ортиқ тилларда эшиттиришлар олиб боради.

Рейтер ахборот агентлигида дунёнинг 91 мамлакатида 14 000 ходим, шу жумладан, 2300 журналист, фотомухбир ва видеооператорлар ишлайди. Рейтер агентлиги дунёнинг турли мамлакатларида 197 та бюросига эга. Агентликнинг хабарларидан хар куни 1 миллиард одам танишади.

Ушбу мисоллар бугунги кунда ОАВ қамров доирасининг нақадар кенглигини муайян даражада тасаввур қилиш имконини беради.

Юқоридаги мулохазалар бугунги кунда турли шакл ва мазмундаги ахборотлар инсон ва жамият хаёти, тараккиёти ва камолотининг зарурий шартига, ОАВ эса, уни тарқатишнинг муҳим бир буғинига айланган Интернет тармоғини кўрсатади.

Хозирда интернетдан нафақат компьютер тармоғи, балки космик алоқа йўлдошлари, радиосигнал, кабель телевидениеси, телефон, уяли алоқа орқали ҳам фойдаланиш мумкин. Интернет кишилар ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб бормокда. 1 миллиард 250 миллион киши у ёки бу даражада ундан фойдаланиши ҳам мазкур фикрларнинг тўғрилигини тасдиқлайди.

Шу билан бирга, интернет бир қатор салбий жиҳатларни ҳам келтириб чиқармоқда. Унда ўз-ўзини ўлдиришнинг осон йулларини тарғиб қилувчи 9 мингдан, ахлоқсизликни тарғиб этувчи мазмунга эга 4 мингдан зиёд сайтларнинг мавжудлиги ҳам бунинг исботи бўла олади.

Мутахассислар маълумотларига кўра, интернет орқали тарқатиладиган комьютер ўйинларининг 49 фоизи сезиларли даражада зўравонлик ва ёвузлик кўринишига эга, 41 фоиз жангари (турли отишмалар ва портлашларга асосланган) ўйинларда эса, ўйин қахрамони ўз мақсадига етишиш учун шундай зуравонлик ва ёвузлик содир этади. 17 фоиз ўйинларда ана шу зўравонлик ва ёвузликнинг ўзи бош мақсад ҳисобланади.

Интернет ривожи, у бераётган имкониятлар ўзига хос қарамликни ҳам келтириб чиқармоқда. Маълумотларга кура, дунё бўйича интернетдан фойдаланувчиларнинг таҳминан 10 фоизи унга мустахкам боғланиб колган.

Интернетдан манфаатдор ижтимоий-сиёсий кучлар ғаразли мақсадларда ҳам усталик билан фойдаланаётганини таъкидлаш зарур.

Маълумки, бугунги кунда интернет оммавий ахборот ва коммуникация тизимининг энг тез ривожланиб бораётган бўғини ҳисобланади. Унинг ғоявий кураш ва тарғиботнинг асосий майдонига айланганини экстремистик, шу жумладан, диний экстремистик қарашларни тарғиб қилишдаги ўрни мисолида ҳам кўриш мумкин.

Диний экстремистлар ва террорчиларнинг интернетдаги сайтларида ташкилотнинг мақсади, тарихи ҳамда ижтимоий-иқтисодий, сиёсий мазмундаги маълумотларга кенг ўрин берилади. Жумладан, террорчилар куч ишлатиш йўлига ўтишга гўёки мажбур бўлганликларини асослашга, террор ва қўпорувчилик харакатларини маънавий ва аҳлоқий жиҳатдан оқлашга интилишади.

Бунда ўзларини “озодлик курашчилари”, “қаршилик кўрсатувчилар” деб атаган холда гўёки ўзларини тинчлик тарафдорлари қилиб кўрсатишга ва улар билан муносабат ўрнатишда хукумат тинч йўл билан харакат қилиш лозимлигини асослашга интилиш кенг тарқалган. Улар ўз сайтларида ҳукумат тарафидан қўлланилаётган усулларнинг “вахшийлигини” ёритишга ҳам алоҳида эътибор берадилар.

Тезкор ахборотлар, янгиликларнинг бир вақтнинг ўзида бир неча тилда ва террорчилар учун фойдали бўлган йўналишда бериб борилиши, уларнинг фаолиятини оқловчи, “қаҳрамонлигини” куйловчи қўшиқлар, клиплар берилиши бундай сайтларнинг мафкуравий ҳамда эмоционал таъсир қувватини оширишга хизмат килади.

Бундай сайтлар, бир томондан, террорчилик ташкилотининг фаол аъзоларига, иккинчи томондан, террорчиларнинг асл мақсад муддаоларини билмайдиган, уларни “курашчилар”, “мухолифат” ва шу каби ижобий мақом ҳамда сифатда қабул қилишга ўрганган одамларга мўлжалланган бўлади. Улардан жамиятда тегишли ижтимоий фикрни шакллантириш ва қарама-қарши (душман) томонга руҳий таъсир кўрсатиш, қўрқув, ваҳима тарқатиш орқали ички иккиланишни келтириб чиқаришдек мақсадлар кўзланади.

Бузғунчи кучлар томонидан интернетдаги мавжуд сайтлар орқали халқлар ўртасида уруш-жанжал, зиддиятлар келтириб чиқарувчи, муқаддас диний қадриятларимизга путур етказувчи, турли дин вакиллари ўртасида эътиқодга таъсир этувчи салбий ахборотларни тарқатишдан устамонлик билан фойдаланиш натижасида, бугун дунёнинг бир қатор мамлакатларида содир этилган турли тўнтаришлар, оммавий норозиликлар натижасида нотинчлик, кўплаб бегуноҳ инсонларнинг хаётдан бевақт кўз юмишига олиб келди.

Миср ва Сурия каби араб мамлакатларида хали-хануз давом этаётган тус-тўполонларни авж олдиришда, нифоқ уруғини сочишда ҳам радикал гурухлар ижтимоий тармоқлардан кенг фойдаланишди.

Маълумки, бутун жахон оммасининг диққат-эътиборида бўлган “Араб инқилоби” ёки “Араб баҳори” номи остида бошланган воқеалар дастлаб Тунисда давлат тўнтаришига олиб келди. Кейинчалик, ижтимоий сайтларнинг имкониятларидан кенг фойдаланиш натижасида ва пухта ишлаб чиқилган сценарий асосида Миср, Ливия, Сурия, Иордания, Яман ва бошқа араб мамлакатларида давлат тузумини ағдаришлар кузатилди ва давом этиб келмоқда.

Бу воқеаларнинг асосий иштирокчиларини ўрта ёшдаги кишилар, жумладан 18-35 ёшдаги фуқоролар ташкил этган. Яъни, улар ташқи кучлар ва ижтимоий тармоқлар таъсири остида ўзларидан бошқа ўлкаларда уларнинг дўстлари қандай яшаётганлигини кўриб, ўз ҳаётларини тубдан ўзгартиришга ахд қилишди. Жумладан, Мисрдаги тартибсизликлар “Twiter инкилоби” деган ном билан танилди.

Масаланинг жиддий хавф туғдирадиган жиҳати шундан иборатки, турли бузғунчи ғоя ва қарашларга даъват этадиган турли вайронкор гуруҳ ва ташкилотларга мансуб тарғиботчилар томонидан кўзланаётган асосий мақсадлардан бири ҳаётий тажриба ва етарлича дунёвий билимга эга бўлмаган, маънавий-ахлоқий дунёси ва ҳаётий позицияси хали пухта шаклланмаган ёшларни ўз сафларига жалб этишдир.

Юқоридагилардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, техника ва технологиянинг тараққий этиб бориши билан, Интернетнинг имкониятлари янада кенгайиб боришига замин яратади. Бу билан эса ахборот оқими жадаллашиб, ундан фойдаланувчилар сони бир неча баробарга ошади. Ахборотларнинг салбий ёки ижобий эканлигини фарқлай олиш мураккаблашади.

Шу ўринда, инсонлар қалби ва онги учун катта курашлар кечаётган глобаллашув даврида, ҳар бир ёшда ахборот олами имкониятларидан оқилона фойдаланиш малакасини шакллантириш, уларда ахборот истеъмоли маданиятини тарбиялаш ҳаётий-амалий аҳамиятга эга. Бунинг учун эса, энг аввало, ҳар бир инсон у ёки бу ахборотни эшитар экан, ҳеч бўлмаганда “Бу ахборотни ким узатаяпти?”, “Нима учун узатаяпти?” ва “Қандай мақсадда узатаяпти?” деган саволларни ўз-ўзига бериши, унга асосли жавоб топиши керак булади. Ана шундагина турли ғоялар таъсирига тушиб қолишнинг олдини олиш мумкин. .

Ахборотлар кураши кечаётган мавжуд вазият биз ҳарбийлардан доимо огоҳ, бўлишни, турли ҳавф-хатар ва таҳдидларга қарши туришни, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини, давлатимиз мустақиллиги ва худудий яхлитлиги ҳимояси учун ҳар доим шай бўлшимизни талаб қилади.

Ботир Бобомуродов.