ЖАМИЯТ

ШУНДАЙЛАР БЎЛМАСА АГАР ДУНЁДА...


20.04.2020   841

Шундайлар бўлмаса агар дунёда,

Бу қадар муҳтарам бўлмасди аёл.

Халқимизнинг севимли шоири, марҳум Абдулла Ориповнинг “Аёл” шеърини ўқиган инсонларнинг аксарияти мазкур шеърни аёлнинг вафодорлиги, сабру қаноати, улуғлиги ҳақидаги энг гўзал битиклар сифатида эътироф этади.

Ушбу шеърни бежиз эсламадим. Куни кеча Қўрғонтепа туманидаги “Олтин водий” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Одилжон Аҳмадалиев билан телефон орқали мулоқотда бўлгандим. У маҳалласидаги бир аёл ҳақида гапириб қолди. Айтишича, аёлнинг турмуш ўртоғи автоҳалокат туфайли оламдан ўтган, бугун икки нафар фарзандини ёлғиз ўзи тарбиялаётган экан. Халқимиз, айниқса, фарзанд ўстираётган ёлғиз аёллар учун оғир синов даври бўлган бугунги кунда маҳалла фаоллари ўша аёлга кўмак сифатида хайрия ёрдами олиш учун уни рўйхатга киритган экан. Лекин у биздан-да ночор яшаётган оилалар бор, кўмакни ўшаларга беринглар, дея бериладиган хайрия маҳсулотларини олишдан воз кечибди.

Очиғи, бу хабарни эшитиб, ор-номуси баланд, ўзи қийналса ҳам ўзгаларни ўйлайдиган, кўнгли пок, мард, саховатли мана шундай аёлларимиз борлигидан беихтиёр ғурурландим. У аёлнинг кимлигини сўраб-суриштирдим.

Ўзининг ўттиз етти ёшини қаршилаётган Дилафрўз Мирзааҳмедова Қўрғонтепа тумани йўллардан фойдаланиш унитар корхонасида хизмат қилар экан. Турмуш ўртоғи икки йил аввал бахтсиз ҳодиса – автоҳалокат туфайли вафот этган, бугун бир ўзи икки ўғлини оқ ювиб, оқ тараб тарбиялаётган экан.

– Бу каби айрилиқ ҳеч кимнинг бошига тушмасин, – дейди Дилафрўз. – Фарзандимнинг каттаси тўртинчи синфда ўқийди, кичиги бу йил мактабга боради. Шукр, фарзандларим соғ-саломат, тирикчилигимиз ўтяпти. Боқувчисини йўқотган оила сифатида давлатимиз нафақа пули ажратади. Мабода қийналиб қолсак, ота-онам, қайнота-қайнонам кўмак беради. Улар бизни ёлғизлатиб қўяётгани йўқ.

Маҳалладошларимга раҳмат, оғир кунларда мени ўйлаганлари учун. Худога шукр ишим бор, қийналсам кўмак берадиган яқинларим бор. Шунинг учун ёрдам пулини қийналаётган бошқа оилалар олгани яхши. Ҳадисларда борига шукр қилиб, сабрли бўлишнинг мукофоти бор, дейилган экан. Борига шукр қиламан, ёрдамни эса ҳақиқатда ночор оилалар олсин.

Суҳбатимиз сўнгида Дилафруз бугунги синовли кунлар ортда қолишини айтиб, унинг ёрдам пулини олмаганлиги ҳақда қаергадир ёзиш шарт эмаслигини сўради. Бироқ, миллатимизнинг Дилафрўздай камтар, мард, сабр-бардошли вакилалари ҳақида ёзмаслик мумкин эмас, деган фикр хаёлимдан ўтди.

Чунки, у қадар муҳтож бўлмаса-да, қийналяпман, деб турли идоралар эшигини қоқишдан чарчамайдиган, бирор иш берилса, бу иш менга тўғри келмайди, дея кунни ғийбату, гап сотиш билан ўтказадиган, бир неча ой ёрдам пули олиб, орада бир марта қолиб кетса, менга ёрдам берасан, нафақа пули беришинг шарт, деб туриб оладиган инсонлар бу аёлдан ибрат олсин.

Халқимиз учун синовли ушбу кунларда сабрли бўлайлик, меҳр-оқибатни асло унутмайлик. Ўзимиз, яқинларимизнинг саломатлигини асраш учун уйда қолайлик, шу орқали инфекция балосидан қутилишга ўз ҳиссамизни қўшайлик.

Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ, ЎзА