Андижон 24

Сенатор ва депутатлар фаолияти матбуотнинг муҳим мавзуси бўлмоғи зарур


09.03.2018   1273

Вилоят матбуот ва ахборот бошқармасида босма ва элек-трон ахборот воситаларининг сенатор ва депутатлар билан ҳамкорлиги ҳамда мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини ёритиш мавзусига бағишланган давра суҳбати бўлди.

Даставвал бошқарма бошлиғи А. Султонов вилоятда фаолият кўрсатаётган оммавий ахборот воситалари раҳбарлари, вилоят Кенгаши депутатлари ва жамоатчилик вакиллари иштирокида мазкур мавзунинг муҳокамага қўйилганлиги ўзаро ҳамкорликни янада кучайтириши хусусида сўз юритди.

Олий Мажлис Сенати аъзолари – Ўзбекистон Қаҳрамони Шукуржон Маматқулов, Сенатнинг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари Толибжон Мадумаров, Хўжаобод туманидаги Шаҳрихонсой шаҳарчаси фуқаролар йиғини раиси Тожибархон Йўлдошева Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишда ахборот воситаларининг ўрни ва роли катта эканлигини таъкидладилар. Эълон қилинаётган мақола, эфирга узатилаётган кўрсатув ва эшиттириш депутат ва сенаторлар фаолиятига ҳаққоний баҳо беришда ўзига хос кўзгудир.

Янги қабул қилинаётган қонунларнинг лойиҳалари, аввало, аҳоли ўртасида кенг тарғиб этилиши, фуқаролар билан юзма-юз суҳбатларда таклиф ва мулоҳазалар эътиборга олиниши зарур. Мана шундай жараёнда ОАВ халқ ҳокимияти вакилларининг ишончли ҳамкорига айланади.

Давра суҳбатида сенатор ва депутатларнинг оммавий ахборот воситаларидаги чиқишлари бугун ҳаёт олдимизга қўяётган муаммоларни тўла қамраб ололмаётганлиги хусусида ҳам мулоҳазалар билдирилди. Уларнинг фикрлари юртдошларимиз дунёқарашини ўзгартиришга, турмуш фаровонлигини юксалтиришга бевосита таъсир кўрсатиши шубҳасиз.

Жалақудуқ, Қўрғонтепа, Пахтаобод туманлари газеталарининг муҳаррирлари мавзу доирасида таклифларини билдирдилар. Вилоят ҳокимлиги ташкилий-назорат гуруҳи етакчи мутахассиси Баҳодир Юнусов ўзаро ҳамкорлик ижтимоий-иқтисодий ривожланиш жараёнининг янада юқори босқичга кўтарилишида муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.

Ғ. Толибжонов.