ЖАМИЯТ

СЕНАТОР ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИ КЎРСАТИЛИШИ ҲОЛАТИ БИЛАН ТАНИШДИ


27.05.2021   1037

Жорий йилнинг 25 май куни Олий Мажлис Сенати аъзоси Матлубахон Ганиева Олтинкўл ва Шаҳрихон туманлари Давлат хизматлар марказларига ташриф буюриб, давлат хизматлар кўрсатилиши ҳолати, сифати ва қонунчиликда белгиланган тартиб ва асосларда фаолият юритилиши бўйича ўрганиш олиб борди.

Ўрганиш давомида Олтинкўл туман Давлат хизматлари марказида мижозлар учун яратилган шароитлар билан танишди. Марказ барча зарур техник жиҳоз ва воситалар билан таъминланган бўлиб, бу ерда жисмоний ва юридик шахсларга 160 дан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилади. Бир вақтнинг ўзида 20 нафар, бир кунда 400 нафар фуқарога хизмат кўрсатиш имконияти мавжуд. Замонавий тарзда жихозланган кенг ва ёруғ хоналар, кутиш заллари, инвесторлар хонаси мижозларнинг хизматлар билан боғлиқ ҳар қандай оғирини енгил қилиши, шубҳасиз.

Мавжуд мониторлар орқали эса давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги янгиликлар, давлат хизматлари олиш тартиблари тўғрисидаги роликлар мунтазам намойиш этиб борилади. Шунингдек, кутубхона, спорт ва болалар учун ажратилган майдончаларнинг мавжудлиги Марказга келувчиларнинг вақтини мазмунли ўтишига хизмат қилади.

Бинога Давлат хизматлари марказидан ташқари туман фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими, Бош вазир қабулхонаси, адлия бўлими ва нотариал идораларнинг жойлаштирилганлиги ҳам бу ерга келувчи фуқаролар учун қулайликларни яратиши шубҳасиз.