Сайлов - 2021

САЙЛОВ УЧАСТКАЛАРИ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ


24.08.2021   1114

24 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 2-Андижон округ сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилиш бўлиб ўтди. Унда вилоятимизда 931 та сайлов участкаси ташкил этилгани эълон қилинди. Шунингдек участкаларнинг тартиб рақамлари, чегаралари белгилаб олинди.

- Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг шу йил 14 августдаги қарори билан 2-Андижон округ сайлов комиссияси аъзолари ўз фаолиятини бошлади, - дейди округ сайлов комиссияси раиси Комилжон Комилов. -Ижтимоий-сиёсий фаол, эл ичида ҳурматга эга 21 кишидан иборат комиссия аъзолик мандатларига эга бўлди.

Маълумки, участка сайлов комиссиялари электорат билан бевосита иш олиб борувчи асосий бўғин ҳисобланади. Мамлакатимизга ташриф буюрувчи халқаро ташкилотлар миссиялари айнан мазкур бўғин фаолиятига алоҳида эътибор берадилар. Шу боис, сайлов жараёни барча жабҳалари ва босқичларини ташкил этиш ва ўтказишга оид ҳуқуқий асосларни пухта билиш, уларни амалиётда самарали қўллаш муҳим талаблардан бири.

Сиёсий жараёнда электоратнинг хабардорлигини ошириш, сайловнинг очиқ, ошкора ва белгиланган тамойиллар асосида ўтишини таъминлашда оммавий ахборот воситаларининг ўрни жуда муҳим. Йиғилишда бу масалага ҳам алоҳида урғу берилди.

«auz.uz» online гуруҳи.