ЖАМИЯТ

Рамазон мутолааси: «КОБАЛЬТ» ДАГИ ЭҲСОН


04.06.2018   1392

Маҳаллий аҳоли “мардикор бозори” дея атайдиган манзил эрталабданоқ гавжумлашди. Ишбай меҳнат қилувчилар орасида Инобиддин ҳам бор. У қишлоғидан тонг саҳардаёқ бу ерга етиб келган.

...Пешинга яқин сутранг “Кобальт” оломон яқинида тўхтади. Ишталаблар одатдагидай уни дув ўраб олишди.

-Иш борми? Қанақа иш, қаерда?

-Биз уч кишимиз, нархини келишсак бўлгани.

Тўладан келган, басавлат кимса машинадан тушиб, муддаосини билдирди. Тўпланганлар бош чайқашиб, бирин-кетин нари кетишди.

-Оғзингларга сиққан пулни бераман, - деди у атрофга тарқалаётганларни кўндиришга уриниб.

Аммо ҳеч кимнинг унагиси келмасди.

-Э, йўқ, унақа “иш” бизга тўғри келмайди,- қўл силтади аллаким.

-Ундай “иш”ни, керак бўлса, уйимизда ҳам қилмаймиз-у...-деди кимдир ғудраниб.

Инобиддин бир четда бош қашиб турган “Кобальт” эгасига яқинлашиб, сўради:

-Нима юмушингиз бор, тоға?

Серсавлат одам қувониб кетди.

- Гап шундаки...

Сал ўтмай Инобиддиннингрозилик билдирганини кўриб,шериклари елка қисиб қўйишди.

Шоҳкўча бўйлаб кетишаркан, кутилмаганда “Кобальт” шинам ошхоналардан бирининг ёнида секинлади.

-Ука, иш олдидан овқатланиб оласизми? Негаки юмушимиз боя айтганимдай...- машина эгаси ёнидаги йигитга юзланди.

-Раҳмат, мен рўзадорман.

-Ё Аллоҳ! Узр, буни билмабман.

Яна йўлга тушишди. Аммо сал ўтмай машина яна йўл четида тўхтади.

-Етиб келдикми?

Ҳамроҳи“Йўқ” дегандай бош чайқаб, Инобиддинга синовчан тикилди.

-Менга қаранг, ука. Сиз нега бошқалар унамаган ишга кўндингиз? Ахир ҳожатхонани тозалаб, ичидагини ташқарига ташиш ...- хуллас, осонмаску? Бунинг устига рўзадор экансиз.

-Аллоҳга таваккал қилдим. Байлашиб қилинган меҳнат баракали бўлади. Менга пул зарур. Қандай қилиб бўлсада бугун пул топмасам бўлмайди. Иннайкейин, сиз ҳам умид билан кўмак сўраб келдингиз. Улуғ кунларда ҳожатманднинг раъйини қайтариш яхшимас.

Пулдор одамнинг юз-кўзларида ҳайрат аломатлари зуҳурланди.

-Аллоҳ сиздан рози бўлсин. Наҳотки пул сизга шунчалар зарур бўлса? Пулни нима қилмоқчисиз?

- Онам касал. Кечадан беридори-дармонга пулим қолмади.

Машина эгасининг кўзлари пирпираб, қўлларини юқорига кўтарди.

-Ё Аллоҳ! Ўзим излаётган одамни рўбарў қилиб, ҳожатимни раво айлаганинг ва мушкулимни енгил қилганинг учунЎзингга беадад шукрлар бўлсин! - У ҳаяжондан қалтираб, машинасининг олд қутичасини очди. Бир даста пул чиқариб, Инобиддинга узатди. - Шуни эҳтиёжингизга ишлатинг. Худойим онангизга шифои малҳам берсин.

Қўлидаанчагина пулни кўриб, Инобиддин машинасини ортга бураётган ҳамсуҳбатидан ажабланиб сўради:

-Ахир бу қанақаси?! Негақайтяпмиз? Келишилган иш нима бўлади?

-Ишми? Иш тугади, - саховатли кимса мамнун жилмайди.-Ният қилган эҳсонимга эҳтиёжмандни тополмаётгандим. Яратган эгам сизнименга йўлиқтирди. Боя сизга айтилган юмуш эса чинакам ҳожатмандни топиш илинжидаги баҳона эди, холос. Бунинг учун мени маъзур тутасиз, ука.

...Ярим соат ўтар-ўтмас бир даста пул билан “Сой” бекатига қайтиб келган ва пичирлаганча дуо қилаётган Инобиддинни кўриб, шериклари унга ажабланганча қараб қолишди.

Ҳалимжон ТОҲИРОВ.

ДЕЙДИЛАРКИ...

Эҳсон қилгувчи қўл олгувчи қўлдан яхшидир.