Хорижда

ПУТИННИ «ҚУВИШ»НИ НИЯТ ҚИЛГАН ШАМАН МАШҲУРЛИККА ЭРИШМОҚДА


02.08.2019   2656

Россия президенти Владимир Путинни «қувиб юбориш» мақсадида пиёда Москвага йўл олган ёқутистонлик шаман Александр Габишев беш ойдан буён ўз мақсади томон ҳаракатланмоқда, деб хабар беради «Лига.Новости».

Габишев Путинни «қора кучлар самараси», «табиат ёмон кўрадиган иблис» деб ва уни қувиб юбориш учун жангчи-шаманнинг кучи кераклигини таъкидламоқда.

«У бор жойда фалокат ва терактлар ҳам бор. У ўзга сайёралик. Бизлардан эмас. Ерлик эмас. Унинг атрофидагилар — адашганлар. Халқнинг ярмини адаштиргани сабаб унинг иккинчи исми — Лукавий. У бу борада жуда кучли», — дейди Габишев.

Шаманнинг сўзларига кўра, Худо унга Кремлга пиёда боришни буюрган. 6 март куни йўлга чиққан Габишев 2021 йилнинг августида Кремлга етиб боришни режалаштирган.

Саудия Арабистонида аёлларга ёлғиз саёҳат қилишга рухсат берилди

Саудия Арабистони ҳукумати подшоҳлик аёллари томонидан амалга оширилиши мумкин бўлган ишлар рўйхатини кенгайтирди, деб хабар беради «Gazeta.ru».

Таъкидланишича, эндиликда 21 ёшга тўлган аёллар эркак васийнинг розилигисиз мустақил равишда паспорт олиб, хорижга чиқиши мумкин.

Бундан ташқари қизлар вояга етмаганлар учун васий бўлиш, шунингдек, янги туғилган фарзандини давлат органлари орқали рўйхатдан ўтказиш имконига ҳам эга бўлди.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йили Саудия Арабистонида аёлларга махсус оилавий таксиларда ҳайдовчи бўлиб ишлаш учун рухсат берилган эди.

Бангкокда 7 та портлаш содир бўлди

Таиланд пойтахти Бангкокда 7 та портлаш содир бўлди. Бу ҳақда Nation TV телеканали хабар берди.

Дастлабки 3 та портлаш орада 5—7 дақиқа фарқ билан Прату Нам ҳудудида содир бўлган. Қуруқ ўтлар орасига яширилган қўлбола портлаш қурилмасидан икки нафар чиқиндилардан тозалаётган муниципал хизмат ходими жароҳатланган.

Орадан 3 соат ўтиб, бир неча банкларнинг бош офиси ва қатор элчихоналар жойлашган «Чонгнонси» ер усти метроси яқинидаги ҳудудда яна 2 та портлаш содир бўлган.

Олтинчи ва еттинчи портлашлар Қирол Рама тўққизинчи номли кўчада, ҳукумат бинолари яқинида содир бўлган. Бу портлашлардан жабрланганлар ҳақида ҳозирча маълумот берилмаган.