ЖАМИЯТ

ПСИХОЛОГНИНГ БОЛАСИ ПСИХОТРОП МОДДА БИЛАН ШУҒУЛЛАНСА, АДВОКАТНИНГ ЎҒЛИ ҚОТИЛЛИК ҚИЛСА, ТАДБИРКОРНИНГ ФАРЗАНДИ ЎҒРИ БЎЛСА: ОТА-ОНАНИНГ ЭЛГА НАФИ ҚАЙ ДА


11.08.2019   1045

Бугун биз кимдандир ёшлар ўртасидаги жиноятчилик ҳақида эшитсак, қаердадир уларнинг тортишувларига гувоҳ бўлган ҳолда мазкур ҳолатнинг фаол муҳокамачисига айланиб қоляпмиз. Хўш, бундай ҳуқуқбузарликларни кимлар содир этяпти? Нима сабабдан айрим жиноят турлари вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида кенг қулоч ёзмоқда?

Аксар ҳолларда жамиятга нисбатан норозилик кайфиятида юрадиган, ота-она назоратисиз қолган, носоғлом муҳитда ўсаётган ёки боқувчисини йўқотган вояга етмаганлар ўртасида баданга оғир ёки енгил тан жароҳати етказиш, безорилик, талончилик, ўғрилик, босқинчилик каби жиноятлар содир этиш ҳолатлари кўп кузатилмоқда.

Бунга айримлар жамоатчилик назоратининг сустлиги, таълимнинг сифатсизлиги ва адашиб қолган кадрларнинг эътиборсизлиги ҳамда масъулиятсизлигини сабаб қилиб кўрсатса, баъзилар болага таълим-тарбия бераётган, уларнинг таъминоти билан шуғулланаётган ота-онанинг жавобгарлик масаласини ўртага ташлайди. Айримлар эса ёшларнинг онгига бевосита таъсир қилувчи кинолар, клиплар ҳам ёшлар ўртасида зўравонлик ва якка ҳукмронлик, худбинлик, манманлик ва жанжалкашликни тарғиб қилаётганлигини алоҳида таъкидлайди.

ЭСКИ МУАММОГА ЯНГИ ЕЧИМНИ КИМ БЕРАДИ?

Келажакни кафолатлашни истаган ота-оналар беҳуда нарсаларга сарфлайдиган ҳаракатлари ва қимматли вақтларини фарзанд тарбиясига, ажратганлари фойдалироқдир.

Боласини эшитмайдиган, уларнинг қалби ва руҳини унутган, фарзандларига вақтини ажратишга қодир бўлмаган ота-оналар эртага ўзларининг куни кимларга қолишини ўйлаб кўришлари керак! Чунки ота-боболаримизнинг бир ажойиб ибратли сўзлари бежиз айтилмаган: “Тоққа чиқмасанг, дўлана қайда?”.

Бир ўйлаб кўринг, психологнинг фарзанди психотроп моддаларнинг ноқонуний савдоси билан шуғулланса, адвокатнинг ўғли қотилликка қўл урса, тадбиркорнинг боласи ўғрилик қилса, ўқитувчининг қизи фоҳишалик билан шуғулланса, бу ота-оналарнинг эл юртга нафи қай даражада?Сиз ҳам ҳеч ўйлаб кўрганмисиз... Сизнинг фарзандингиз жиноят қилиши мумкинми? Сиз-у биз вақт ажратишимиз керак бўлган маҳал, фарзандимизни бироз назоратсиз қолдирганимизда, у нималар билан машғул бўлгани билан қизиқдикми? Ёшларнинг бўш вақти – иллатларнинг иш вақти бўлиб қолмаяптими?!

Ёшлар ўртасида содир бўлаётган барча кўнгилсизликлар аслида ўзаро меҳр-оқибат, дўстона муносабат туйғуларининг мўрт ва нимжонлигидан эмасми?

Кўча-кўйда ёхуд жамоат транспортларида ёшларнинг суҳбатига, ўзини тутишига эътибор қаратганмисиз? Ўзларини бир-биридан устун қўйиш, ўзаро ишончсизлик ва мақтанчоқлик, бир-бирини масxаралаш, ҳуда-беҳудага сўкинишларни тилдан қўймаслик каби салбий ҳолатларни сиз ҳам ҳис қиласиз. Бунга саводсизлик омили, бадиий савия пастлиги, миллий тарбия ва қадриятлар асослари ривожланишининг тўхтаб қолганлиги сабаб бўлмаётганмикан?!

Шу ўринда, айни дамда болаларни мактабгача таълим тизимидан бошлаб тўғри тарбия қилиш ва бунинг учун эса дастлаб болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамровини кенгайтириш оқилона қарор эканини айтиш ўринлидир.

Ёшларнинг бир-бирига мослашуви ва ўзаро ҳурмат руҳида шаклланишини айнан шу даврдан бошлаш ва ривожлантириб бориш замоннинг ўта муҳим вазифаси бўлиб қолган. Зеро, Абдулла Авлоний таъбири билан айтганда “Тарбияни туғилган кундан бошламоқ, вужудимизни қувватлантирмоқ, фикримизни нурлантирмоқ, ахлоқимизни гўзаллаштирмоқ, зеҳнимизни равшанлантирмоқ лозим”.

ТАРҒИБОТ ТАДБИРЛАРИ ҲИСОБОТ УЧУНГИНАМИ?

Ёшлар ўртасидаги жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар аввалги йилларга нисбатан камайган бўлишига қарамай, айнан вояга етмаганлар жиноятчилиги Тошкент вилоятида ўтган йилги кўрсаткичларни такрорлаётганлигини ижобий баҳолаб бўлмайди. Ўтган ойлардаги таҳлилларга кўра мазкур кўрсаткичлар Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида ҳам кузатилган. Нега айнан бу ҳудудларда кўрсаткичлар яхшиланмаяпти?

Тегишли мутасадди ташкилотлар томонидан ўтказилаётган минглаб давра суҳбатлари, рейд тадбирлари, “Ёш депутат”, “Депутат ва ёшлар”, “Сенатор ва ёшлар”, “Ҳоким ва ёшлар”, “Сектор раҳбарлари ва ёшлар”, “Прокурор ва ёшлар”, “Суд ва ёшлар” лойиҳалари нега айрим жойларда кутилган самарани бермаяпти? Ҳудудларда аҳоли сони нисбатан кўп бўлгани, ҳудудда аҳоли пунктлари тарқоқ жойлашгани учун ёшларни тўлиқ қамраб олиш қийинчилик туғдирганиданми ёки тарғибот тадбирлари чекка ҳудудларда номига, ҳисобот учунгина ўтказилганмикан?

Жойларда олиб борилган таҳлилларга кўра, ёшлар ўртасидаги жиноятчиликка қарши курашиш бўйича тарғибот декадаси доирасидаги тадбирлар асосан, марказ жойларда ташкил этилаётганлиги ҳамда чекка ва чегарадош ҳудудларда давлат ва жамоат ташкилотлари ўртасида ҳамкорликнинг йўқлиги, ҳамма ўзича ишлаётганлиги керакли натижаларга эришишда тўсиқ бўлмоқда.

Жиноятчиликни жиловлашда ҳудуднинг ўз хусусиятидан, менталитетидан келиб чиқиб лойиҳаларни ишлаб чиқиш, бу борадаги масъулларга аниқ, мақсадли вазифалар белгилаш ҳамда “Фидокор ёшлар” жамоатчилик патруль гуруҳлари ва жамоатчилик назоратини кучайтиришдаги самарали ишларни амалга оширишнинг вақти келмадимикан?!

Шаҳноза НУРУЛЛАЕВА.

Манба:ЎзА