ЖАМИЯТ

ПРЕЗИДЕНТНИНГ КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШГА ОИД ФАРМОНИ ЎРГАНИЛМОҚДА


01.07.2019   949

АНДИЖОН (auz.uz). Андижон шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасида жиноят ишлари бўйича вилоят суди ҳамкорлигида бошқарманинг шахсий таркиб ходимлари иштирокида Президентимизнинг 2019 йил 27 майдаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мазмун-моҳиятини ўрганишга бағишланган тадбир ўтказилди. Бу ҳақда ЖИБ вилоят суди судья катта ёрдамчиси Комроншоҳ Расулов хабар бермоқда.

Унда сўзга чиққан Жиноят ишлари бўйича вилоят суди судьяси Носиржон Расулов, кейинги йилларда коррупцияга қарши курашиш соҳасида муҳим ташкилий-ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилаётганлиги, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини оширишга, жамиятда коррупцияга муросасиз муносабатни шакллантиришга йўналтирилган тизимли чоралар кўрилаётганлигини таъкидлади. Бундан ташқари, ислоҳотларни амалга ошириш доирасида фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишини, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини, жамоат ва парламент назоратини таъминлаш механизмлари такомиллаштирилаётгани, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва суд органлари фаолиятининг ҳуқуқий асослари ислоҳ қилинганлигини қайд этди.

Учрашув давомида ушбу фармон2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ коррупцияга қарши курашиш тизими самарадорлигини ошириш, энг юқори даражадаги қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, мамлакатнинг халқаро майдондаги ижобий обрў-эътиборини ошириш мақсадида қабул қилинганлиги билдирилди.