ЖАМИЯТ

Президент мурожаатига муносабат: СИНОВЛАРНИ БИРГА ЕНГИБ ЎТАМИЗ


11.04.2020   2589

Ўзининг илғор технологиялари билан бутун дунёга мақтанаётган давлатлар рангини ҳам, ҳидини ҳам билиб бўлмайдиган нуқтадек вирус қаршисида ожиз эканлигини бугун ҳар биримиз кўриб турибмиз. Айнан шу нуқтадек вирус, минг чиғириқдан текшириб ўтказиладиган аэропортларга самолётларда бемалол учиб келди, чегаралардан визасиз ўта олди. Ачинарли томони шундаки, бу бало бизни ҳам четлаб ўтмади.

Халқимиз ва бутун инсоният бошидан кечираётган бугунги синовли кунларда ёшларнинг узлуксиз таълим олиши муҳим аҳамиятга эга. Шу боис, давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимиз ташаббуслари билан карантин даврининг бошиданоқ таълим жараёнларини онлайн тизимга ўтказиш саъй-ҳаракатлари амалга оширилмоқда.

Хусусан, Андижон машинасозлик институти ҳам ўз фаолиятини масофавий таълим бериш йўналишида давом эттирмоқда. Профессор-ўқитувчиларимиз томонидан фанлар бўйича тайёрланган 100 дан ортиқ видеодарслар Youtube.com ижтимоий тармоғидаги расмий саҳифамизга ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан очилган масофавий таълим портал тизими - education_online гуруҳига жойлаштирилди. Электрон таълим ресурслари (ўқув-услубий мажмуа, ўқув-услубий кўрсатма, маърузалар курси, битирув-малакавий ишлар ва ҳоказолар) ZiyoNET порталига ҳам мунтазам равишда қўйилмоқда.

Бир неча йилдан буён MOODLE масофавий таълим платформаси (http://moodle.andmiedu.uz.) ўқув жараёнида муваффақиятли қўлланилиб келинмоқда. Масофавий таълим портали (http://moodle.andmiedu.uz)да ҳам фанлар бўйича масофавий курслар жорий этилган. Онлайн дарсларимиз интерактив ёндашув ҳамда ўзгача руҳда, тасдиқланган дарс жадваллари асосида ўтмоқда. Бунда, асосан талабанинг мустақил таълим олиши ҳамда дарсларни ўзлаштиришда турли манбалардан фойдаланиши алоҳида ўрин тутади.

Тарихимизнинг бу мураккаб синовли кунлари шубҳасиз, ортда қолади. Бироқ, ушбу онлайн дарсларни ёшларимиз қай даражада ўзлаштириши нафақат биз педагогларга, балки ота-оналарга ҳам боғлиқдир. Улар ўз фарзандларининг уй шароитида таълим олишларини қаттиқ назоратга олиши, уларнинг бўш-бекор қолишига йўл қўймаслиги, устозлари билан доимий ишчан мулоқотни ўрнатиши шарт. Акс ҳолда, давлатимизнинг шунча ғамхўрлиги, шунча эътибори кутилган натижани бермаслиги мумкин.

Ўрни келганда, айтиш жоизки,Юртбошимизнинг ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича 5 та муҳим ташаббусини шу кунларда уй шароитига кўчириш ҳам айни муддао бўлар эди. Ота-оналари олдида бўлган ёшларимиз маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланса, ахборот технологияларидан фойдаланиб, бўш вақтларида китоб мутолаа қилишса, кўзлаган мақсадимизга эришамиз.

Бугунги синовли кунларда Президентимиз ҳалқимизга бир неча бор мурожаат қилиб, ҳар бир ўзбекистонлик, ҳар бир идора, жамоатчилик вакилларини бир мушт бўлиб ҳаракат қилишга, касалликнинг маҳалламизга, уйимизга, оиламизга кириб келишининг олдини олиш борасида бирлашишни алоҳида таъкидлаб ўтди. Ўйлайманки, бу кўрсатмалар бугунги кунимизнинг энг муҳим дастурига айланиши керак!

Азиз юртдошлар! Бугун халқимиз маънавияти, фазилатлари ҳам синовдан ўтмоқда, десак, муболаға бўлмаса керак. Оммавий ахборот воситалари орқали туну кун коронавирусга қарши тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Коронавирусдан ўзини, оиласини, ватандошларини қандай ҳимоя қилиш кераклигини билмаган одам қолмади. Лекин, айрим одамлар карантин қоидаларини бузаётганлиги, ҳанузгача унга амал қилмаётганларни эшитиб, қалбимиз ларзага келмоқда! Бундай инсонларга яна қандай тарғибот керак? Ибн Сино, Имом Бухорий, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, авлодларимиз деймизму, нега унда тартиб-интизом ва бирликда бошқаларга ибрат бўлолмаймиз?

Тарихда буюк тадқиқот ва кашфиётлар айнан шундай кунларда амалга оширилганига мисоллар кўп, Исаак Ньютон оммавий эпидемия сабабли берилган таътилда энг буюк назарияларини яратган, Пушкин эса ўзининг энг машҳур асарларини карантинда уйида ўтириб ёзган.

Шундай экан, бугун барчамиз, аввало, тиббий, санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя этишимиз, уйдан кўчага чиқмаслигимиз ва бўш вақтимиздан унумли фойдаланиб, ўқиб-изланишимиз лозим. Эртами-кечми, албатта, ҳаёт яна ўз изига тушиб кетади. Лекин, бу ҳолат инсоният учун катта сабоқ аслида.

Президентимизнинг мурожаатида тилга олинган интизом, сабр-тоқат, масъулият каби фазилатлар маъносини, аввало, ўзимиз тушуниб, сўнг болаларимизга етказайлик. Чунки, бу курашда тиббий чоралар билан бирга, юксак тафаккур, қатъий интизом, сабр-тоқат ва улкан масъулият кўрсатишимиз лозим. Бу сифатлар бизнинг энг асосий ва энг таъсирчан қуролимизга айланиши шарт.

Коронавирус инфекциясининг олдини олиш учун карантин тадбирларига риоя қилиш ҳар биримизнинг инсонийлик бурчимиздир. Қачонки, биз жорий этилган чекловларга эътибор қаратиб, уйда қолсак, шундагина биз ўзимиз, оиламиз, яқинларимиз ва халқимизнинг саломатлигини асраш, шунингдек, юртимиздаги эпидемик вазиятни юмшата оламиз.

Ишонамизки, бу синовлардан сабр билан ўтамиз ва яна соғлом турмуш тарзига қайтамиз! Ватандошларимиз саломатлигини асрашда ўз ҳиссангизни қўшинг! Уйда қолинг!

Умиджон ТУРДИАЛИЕВ,

Андижон машинасозлик институти ректори.