ЖАМИЯТ

ПАХТАОБОДЛИК ФИРИБГАР АЁЛ УЧИНЧИ БОР СУДЛАНДИ


02.08.2019   1980

Жиноят ишлари бўйича Пахтаобод туман судида бир неча бор судланганлигига қарамасдан уч нафар фуқародан ер бераман деб, фирибгарлик йўли билан пулларни олиб, ўзининг шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган аёл Д. М. га нисбатан суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда жиноят ишлари бўйича вилоят суди судя катта ёрдамчиси Камроншох Расулов хабар қилади.

Жиноят ишлари бўйича Пахтаобод туман суди раиси Шухрат Мирзакировнинг айтишича, суд, судланувчи, жабрланувчилар ва гувоҳнинг кўрсатувларини тинглаб, жиноят иши ҳужжатларини ўрганиб чиқиб ва ишда мавжуд бўлган далилларга баҳо бериб, қуйидагиларни аниқлаган.

Маълум бўлишича, Д. М. 2007 йил 7 апрель кунидан фермер ҳўжалиги раҳбари вазифасида ишлаб келган. У хавфли рецидивист бўлгани ҳолда, алдаш ва ишончини суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритиш мақсадида 2015 йилнинг февраль ойида жабрланувчи Т.Аб.га ўзига тегишли бўлган фермер хўжалиги майдонларидан бир гектар ерни қора экин махсулотларини етиштириш учун ажратиб беришини айтиб, алдаб, ундан 3 миллион 200 минг сўмни фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, ўзининг шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.

Шунингдек, ўз ишини давом этиб, фуқаролар А.И. ва А.Т.ларни ҳам чув тушириш орқали катта миқдордаги пулларни олиб, ер ҳам, пулни қайтариб бермаган.

Суд ҳукми билан Д. М. Жиноят Кодексининг (эски тахрирдаги) 168-моддаси 2-қисми “б” банди, 28 ва 211-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топилиб, унга тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташ учун 2 (икки) йил 6 (олти) ой озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Унга жазони ўташ даврида яшаш жойидан кечки соат 20.00 дан эрталабки 06.00 гача турли сабаб билан чиқмаслик, муайян жойларга бормаслик, оммавий ва бошқа тадбирлар ўтказишда иштирок этмаслик, назоратчиларнинг розилигисиз яшаш жойини ўзгартирмаслик каби чеклашлар, шунингдек унга етказилган моддий зарардан қопланмай қолган қисмини ўрнини қоплаш мажбурияти юкланди.

М.Д.га нисбатан тайинланган жазо унинг доимий яшаш жойида ўташ, жазони ижро этиш ва уни назорат қилиш Пахтаобод тумани ИИБ пробация гуруҳи зиммасига юклатилди.

Жабрланувчилар Т.А. ҳамда А.Т.ларнинг тилхат ва аризасига асосан етказилган моддий зарар тўлиқ қопланганлиги инобатга олинди. Шунингдек, жабрланувчи А.И. фойдасига 5 миллион 160 минг сўм моддий зарар ундирилди.