Андижон 24

ПАХТАОБОДДА ЯНГИ ОРОМГОҲ ОЧИЛДИ


08.06.2019   1578

Пахтаобод туманининг Маданият қишлоғида “Андижон биокимё заводи” очиқ акциядорлик жамияти тасарруфидаги “Бўстон” болалар соғломлаштириш оромгоҳи фойдаланишга топширилди. Очилиш маросимида вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов иштирок этди. Бу ҳақда “auz.uz”га вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Вилоят раҳбари оромгоҳда яратилган шарт-шароитлар, имкониятлар билан танишиб “Бу ердан ўқувчилар мароқли дам олишлари керак. Ҳам жисмонан, ҳам руҳан куч-қувватга тўлиб, келгуси ўқув йилида яхши натижаларни кўрсатиши лозим. Шунинг учун ўзлари истаган йўналишлари бўйича тўгараклар, ўйинлар, турли танловлар ташкил этилсин. Бундан ташқари табиат манзаралари, тарихий масканлар, ҳайвонот боғига саёҳатлар уюштирилса яхши бўлади. Ана шунда ватанга бўлган муҳаббати ошади” дея ўз фикрлари ва таклифларини билдирди.

Оромгоҳ “Фидокор элегант” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан бир йил мобайнида сифатли қилиб қуриб битказилди ва замонавий энг сўнгги технологиялар билан жиҳозланди. Бунинг учун жамиятнинг 6 миллиард 500 миллион сўм маблағи сарфланган.

Тадбир давомида мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари, умумий ўрта таълим мактаблари ва касб-ҳунар коллежларининг ўқувчилари томонидан ёшлар маънавиятини юксалтиришда илгари сурилган 5 муҳим ташаббус акс этган кўргазмалар, кўргазмали чиқишлар намойиш этилди.

«auz.uz» оnline гуруҳи.