Маданий мерос

ОТАҚЎЗИ МАДРАСАСИ


15.06.2022   2812

Пахтаобод тумани вилоятнинг шимолий қисмида жойлашган. Шимол ва шимоли –шарқдан Қиғизистон билан чегарадош, Норин ва Қорадарё воҳасидаги ясси текисликда жойлашган.

Отақўзи Хожи асли чўпон авлодидан бўлиб, XIX аср охири ХХ аср бошларида яшаб ўтган ўз даврининг илғор фикрли, саховатпеша, эл-юрт, дини ислом ғамини ейдиган, маърифатли инсонлардан бири бўлган.

Маданият қишлоғидаги Отақўзи мадрасаси республика аҳамиятидаги маданий мерос объекти сифатида рўйҳатга олинган. Унинг бунёдкори Отақўзи ҳожи номи билан юритилади. Мадраса ХХ аср бошларида фарғоналик уста Қирғизбой ва уста Мамажонлар маҳорати билан қад ростлаган бетакрор миллий меъморчилик санъати намунасидир. Обиданинг бетакрорлиги энг аввало узоқдан яққол кўзга ташланувчи шаклу – шамойилида, меъморий ечимида, юксак маҳорат намунаси сифатида эътироф этиш мумкин бўлган ғишт териш санъатида, асосий кириш майдонидаги бешта ўзига хос алоҳида зиналар орқали аввал 2-қаватдаги хужраларга, сўнгра гўзал гулдастали минораларга олиб чиқувчи йўлакчаларда, қолаверса, яна бешта минорасимон гулдасталар билан якунланувчи, ёйли равоқсимон маҳобатли пештоғида кўзга ташланади. Мадрасага қибла ғарб томондаги асосий кўркам ва ўймакорлик санъати билан нақш битилган дарвоза орқали кирилади. Шу билан бирга ўнг ва чап қанотларида ҳам қўшимча кириш эшиклари бор.

Мадрасанинг асосий ғарбий девори асосан юксак даражадаги ғишт териш санъати билан сайқалланган. Пишиқ ғиштларга чархланиб, эговланиб ва жилвирланиб шакл берилган, наққошлар ва хаттотлар чизмаси асосида териб чиқилган. Асосий кириш дарвозаси бинонинг ўнг томонроғида бўлиб, хашамдор равоқли пештоқдан иборат. Ғарбий девор ўзаги асосли ва юқориси турли катталикдаги қуббали, кафасали гулдасталардан иборат бўртма ғиштли нақшинкор устун ва ярим устунлар билан бир неча қисмларга бўлинган. Улар ботиқ мехробсимон шакллар бетакрор ва турли нақшли ғишткорлик санъати билан жило берилган.

Пештоқ ичининг юқориси муқарнасли эшик ва дераза ўртаси шахматсимон нақшлар билан безатилган. Петоқнинг ёнидаги қатор хошиясимон мехробли токчалар, улар ичидаги олти бурчакли геометрик шакллар обидага бетакрор гўзаллик бахш этади. Гулдаста қафаслари остида ғиштдан “Аллоҳ” ва “Муҳаммад” ёзувлари бўртма услубда битилган. Икки табақали бағдоди услубдаги кириш дарвозалар ўз даврига хос намоён, шобарг ислимий, мадоҳил ўсимликсимон ўйма нақшлар билан сайқалланган бўлиб, марказий қисм нақшларига тўрт чохириёрлар исми девоний хатида махорат билан битилган.

Мадраса пештоғида куфий хатида ғиштдан “Аллоҳ”, “Муҳаммад” сўзлари ёнма-ён нақшинкор буртма услубида битилган. Кираверишда пештоқнинг энг тепасида куфий хатида калимаи тоиба ҳам ғиштдан нақшинкор бўртма услубида ёзилган. Гулдастасимон миноралардан бирининг юқори қисмида куфий хатида “1333” хижрий санаси бўртма услубда битилган. Ўймакор эшикдаги ислимий нақшлар орасида девоний хатида чохориёрлар номлари маҳорат билан туширилган.

Мадраса дарвозахонаси, яъни фойеси маҳобатли равоқли майдонга ва йўлаклардан ташкил топган. Равоқлардаги очилган торгина айланма зиналар орқали иккинчи қават хужраларига ва азон учун қилинган давра қафасли, қуббалик мезанага чиқилади. Мезанадан атрофга боқсангиз гўзал қафасли меъморий гулдасталарнинг мусиқий оҳанги оғушида қолгандек бўласиз.

Ички ховли томонидан намозгоҳга кириш эшигининг ўймакор нақшлари таъмир пайтида (1980 йиллар) асосий дарвозадан андоза олиб қайта қилинган. Хонақоҳ шифти устунли, ароқи сарроб тўсинли вассажуфт, қисман лампа усулида ёпилган.

Мадраса ховлиси тўртбурчак шаклида бўлиб, уч томони хужралар билан ўралган ва улар дарсхона вазифасини ўтаган. Обида қибла томонини маҳобатли масжид ташил этади. Мадраса юксак дид ва маҳорат билан эски усулдаги тўрт бурчакли пишиқ ғиштдан қад ростлагани учун ички ва ташқи деворларини суваш учун хожат ҳам бўлмаган. Масжиднинг сир наққошлик билан жило берилган шифт безаклари алоҳида бадиий аҳамият касб этади. Бетакрор геометрик гирих ва ўсимликсимон нақшлари уйғунлиги, тўқ қизил ва яшил ранглар мутаносиблиги ва мовий, зархал, пушти, оқ ва кумуш рангли ислимий, қўшбодом, гулдаста, мадохил, давра турунжи нақшлар уйғунлигида муқаддас Қуръон оятларидан хаттотлик маҳорати билан битилиши, наққош устанинг мислсиз истеъдодидан далолат беради. Ўзига хос наққошлик намуналари орасида уста Саъдулло номини ўқиймиз ва бу гўзаллик ижодкори маҳаллий ҳунарманд эканлигини англаймиз. Бу маҳобатли меъморий обидани мутахассислар Қўқон хонлиги даври меъморчилигининг бебаҳо намунаси сифатида эътироф этадилар.

Мадраса ўз даврининг маърифат ўчоғи зиё маскани бўлиб малакали мударрислар сабоқ бериб, кўплаб илми толиблар таълим – тарбия, диний – дунёвий билим олганлар. Минг афсуски, советлар даврида шундай меъморий ёдгорлик омборхона вазифасини ҳам бажарди. 1970 – 1975 йиллари таъмирланиб, Ўлкашунослик музейи филиали сифатида фойдаланилди.

Мустақилликнинг дастлабки йилларидаёқ бу кўҳна обида ўз эгаларига қайтарилиб, “Отақўзи хожи” жомеъ масжиди сифатида давлат рўйҳатидан ўтказилди. Маданият қишлоғилик фидоий инсонлар ташаббуси, раҳбарлиги ва хайри эҳсонлари эвазига қайта таъмирланди.

«auz.uz» online гуруҳи.